Ўзбекистон | 15:25 / 16.02.2021
8436
3 дақиқада ўқилади

«Бемор Тошкентга келгунча, саратон 4-босқичга ўтиб кетяпти». Мунира Хожахонова — болалар онкологиясидаги муаммолар ҳақида

Ўзбекистонда бир йилда 800 нафардан ортиқ болага онко-гематология ташхиси қўйилади. 20 фоиз ҳолатдагина бемор болажонлар шифо топади.

«Эзгу амал» жамоат фонди васийлар кенгаши раиси Мунира Хожахонова болалар онкологияси ва гематологияси борасидаги муаммолар ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, бир йилда Ўзбекистонда 800дан ортиқ болага онкологик ва гематологик хасталиклар ташхиси қўйилади.

«Касалликни эрта ташхислаш муаммолари вилоятлардан бошланади. Чунки вилоятларда онкологияни ўз вақтида аниқлаб, ташхис қўйиш имконияти кам. Бемор ташхисни билиб, даволаниш учун Тошкентга етиб келгунга қадар касаллик 3-, 4-даражага бориб қоляпти. Мана шу – энг катта муаммолардан бири.

Бундай беморларга малакали хизмат кўрсатиш борасида кадр масаласи жуда ҳам қониқарсиз даражада. Халқаро стандартлар асосида ишлай оладиган кадрларни қўллаб-қувватлаш, бошқаларининг эса чет элда малака оширишига ёрдам кўрсатиш зарур. Шунингдек, беморлар керакли асбоб-ускуна, реагент, дорилар билан таъминланиши шарт. Шундагина Ўзбекистонда онкологиядан ўлим ҳолатлари камаяди.

Ўзбекистонда саратон бу – ҳукм деган тушунча бор. Лекин саратон ҳукм эмаслигини халққа етказишимиз керак. Тиббиёт ривожланган давлатларда онкологик хасталикка чалинганларнинг 70–80 фози тузалиб кетяпти. Чунки уларга ташхис ўз вақтида қўйилади. Диагностика қанчалик вақтли амалга оширилса, хасталикнинг ўлим билан якунланмаслиги имконияти катта.

Шу боис вилоятларда бирламчи поликлиникадаги врачлар беморни онкология марказига йўналтиришини йўлга қўйиш керак. Беморлар ташхисга ойлаб вақт йўқотгани боис касаллик 4-даражага боради. Бу босқичда беморни даволаш жуда ҳам қийин», – деди Хожахонова Kun.uz’га берган интервюсида.

«Эзгу амал» жамоат фонди 2018 йилда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган бўлиб, онкологик ва гематологик хасталикларга учраган болаларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Бугунги кунда республика миқёсида фонднинг 200 нафардан ортиқ волонтёрлари хизмат кўрсатишмоқда. Ўтган давр ичида фонд ҳомийлик маблағлари асосида 8 млрд сўмдан ортиқ қийматда беморларга ёрдам кўрсатган. Шундан 800 млн сўми айнан дори-дармон харажатларига йўналтирилган.

Бундан ташқари, беморларнинг даволаниш учун хорижга бориб-келиши, жарроҳлик амалиёти кабилар учун харажатларга ёрдам кўрсатилади.

Мавзуга оид