Қайд этилишича, Тошкентда тўпланадиган чиқиндилар йилдан йилга ошиб бормоқда ва прогнозларга кўра, 15 йилдан кейин унинг ҳажми икки баробар ошади. Ушбу вазиятда ягона ечим – чиқиндиларни қайта ишлаш бўлиб, бунинг учун уни саралаш лозим. 2019 йилда Яккасарой туманидаги маҳаллалардан бирида чиқиндиларни саралаб, тўплаш бўйича биринчи лойиҳа амалга оширилди.
Президентнинг 2020 йил 15 декабрдаги “Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4925 сонли қарорига мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) тўплаш, саралаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Жорий йилда ҚМЧни саралаган ҳолда тўплаш ҳар бир тумандаги иккита маҳаллада – жами 24та маҳаллада жорий этилади. Ушбу маҳаллалар аҳолисига рангли пакетлар берилади. Сариқ пакетлар – қайта ишланадиган чиқиндилар (қоғоз ва пластик), яшил пакетлар – органик чиқиндилар (озиқ-овқат қолдиқлари, барглар, ўтлар), кулранг пакетлар эса қайта ишланмайдиган чиқиндилар (оёқ кийимлари, салфеткалар, памперслар) учун мўлжалланган.
Чиқиндиларни олиб кетиш учун ҳафтасига икки маротаба рангли яшил ва кулранг-сариқ стикерли машиналар келади (ёзда кўпроқ келади). Ушбу мақсадда “Махсустранс” ОТТБ грант маблағлари ҳисобидан 59та янги махсус машиналарни харид қилди ва уларга ҳозирги кунда стикерлар ёпиштирилмоқда. Саралаган ҳолда чиқиндиларни йиғишни рағбатлантириш мақсадида оилаларга ҚМЧни олиб чиқиш учун тўлов тарифи пасайтирилади.
Тажриба учун танланган маҳаллалар аҳолисига ҚМЧни саралаш зарурияти ҳақидаги ахборотни етказиш тадбирлари кўриб чиқилмоқда. Мактаблар ва маҳалла қўмиталарида маърузалар, дарслар, концертлар ва кичик ҳашарлар ташкил этилиши кутилмоқда.

















