Ўзбекистон | 15:47 / 24.02.2021
5487
2 дақиқада ўқилади

Янги-Ангрен ИЭСда яна бир фавқулодда ҳолат юз бергани ҳақида хабар тарқалди. Энергетика вазирлиги буни рад этиб чиқди

Бугун, 24 феврал куни, ижтимоий тармоқларда Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясида ёнғин юз бергани акс этган видеотасвир тарқалди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати мазкур видеога муносабат билдирди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қайд этилишича, бугун Янги-Ангрен ИЭСда ҳеч қандай ёнғин, авариявий ўчиш ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юз бермаган ва барча энергия ускуналар соз ҳолатда ишламоқда. 

«Видеолавҳа Янги-Ангрен ИЭС қозонхоналарида кўмир кулидан тозалаш ишлари амалга оширилаётганда ёки одатий технологик жараён амалга оширилаётган пайтда олинган бўлиши мумкин. 

Ҳозирги кунда мазкур иссиқлик электр станциясидаги энергия блоклар диспетчер томонидан берилган режимга асосан ва соз ҳолатда ишламоқда. Фавқулодда ҳолат мавжуд эмас.
 
Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ёлғон хабарларни тарқатмаслик ва тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни сўраб қолади», дейилади вазирлик матбуот хизмати муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 январ куни Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлганди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, режали хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса натижасида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид