Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида” қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирги кунда ёшлар томонидан хорижий тилларни ўрганишга иштиёқ кундан кунга ортиб бормоқда. Ўз навбатида, мамлакатда хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 395-сон “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш бўйича маълум даражага эга бўлган фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларида тегишли фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.
Шунингдек, президентнинг 2020 йил 3 декабрдаги ПҚ-4910-сон “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчиларга академик лицейларга кириш тест синовларининг фанлар мажмуасига киритилган мос чет тили ва фанлардан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.
Қарор лойиҳаси ёшларнинг чет тилларини ўрганишга бўлган иштиёқини янада ошириш ва бу билан таълим соҳасидаги ислоҳотларни бардавом этиш мақсадида ишлаб чиқилгани айтилади.
Қарор лойиҳаси билан халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб беришнинг маъмурий регламентини ва имтиҳон топшириш харажати компенсация қилинадиган халқаро имтиҳон тизимлари рўйхатини тасдиқлаш назарда тутилган.
Шунингдек, қарор лойиҳасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қарор лойиҳасида белгиланган имтиҳон турларидан юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларининг тўлиқ қоплаб берилиши, бунинг учун ариза берувчилар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилиши белгиланган.















