REUTERS

«Биз акциямизни якунладик ва мухолифатчиларга ҳам ўз акцияларини тамомлашни таклиф қиламиз. Уларни кейинги ҳаракатларни муҳокама қилиб олишга чақирамиз», деган бош вазир.

Аммо ҳарбийларнинг чиқишидан илҳомланган намойишчилар тарқалишни исташмади - улар бош вазир қароргоҳи ва парламент биноси жойлашган Маршал Баграмян проспектини тўсиб қўйишди ва бош вазир истеъфога чиқмагунча шу ерда қолишга ваъда беришди.

Намойишчилар парламент қаршисидаги майдонга чодирлар (палаткалар) ўрнатишди. Улар ҳукумат истеъфосидан бошқа ҳеч нарсага рози бўлишмасликлари, ҳеч қандай мулоқотдан бош тортишларини маълум қилишган.

Мухолифат етакчилари мамлакат президенти билан учрашув учун делегация шакллантиришди ва парламентнинг навбатдан ташқари йиғилиши чақирилишини талаб қилишди.

Аммо парламентдагиларнинг кўпчилиги - Пашиняннинг фракциясига мансуб ва депутатларнинг кўпчилиги бош вазирни қўллаб-қувватлашмоқда.

Пашинян президент билан телефон орқали мулоқот қилгани ва унга ўз позициясини такрорлаганини маълум қилди: президент ёки бош штаб раҳбари Гаспарянни истеъфога чиқариш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекади ёки ўзи истеъфо беради.

Президент Саркисян баёнот билан чиқиб, барча фуқароларни, ҳукуматни ва куч ишлатар тузилмалар вакилларини соғлом ақл билан иш кўришга чорлади.

У шунингдек, сиёсатчилар унга босим ўтказишдан тийилиши кераклигини таъкидлади.

«Республика президенти қандайдир сиёсий кучни қўлламаган ва бундан кейин ҳам бундай бўлмайди», деган Саркисян.

У бош штаб бошлиғи истеъфоси масаласида қарор қабул қилиш учун ихтиёрида уч кун борлигини эълон қилган ва бу шунчаки кадрлар ўзгартириш масаласи эмаслигини қўшимча қилган.

Президент «провокацияга учмасликка, нафрат ва тоқатсизликка чақириқлардан узоқ бўлишга» чақирган. «Бизнинг халқимиз парчаланишга йўл қўймаслиги, давлатдаги барқарорликка ва давлатчиликка ҳар қандай таҳдидни улоқтириб ташлаши керак», деган Арманистон раҳбари.