Facebook’да тарқалган видеода Тошкент шаҳар онкология маркази патоморфология бўлими бошлиғи Алишер Мингбоев ўзи ишлаётган марказ директори бошчилигидаги бир гуруҳ шахсларнинг коррупцион ҳаракатлари устидан шикоят қилади. Давлат раҳбарига йўлланган видеомурожаатда филиал директори қўл остидаги ишончли шахслар орқали беморлардан ва уларнинг қариндошларидан пул талаб қилиши, пул беролмаганлар жой йўқлиги баҳонасида шифохонага қабул қилинмаслиги ҳақида сўз боради.

Видеомурожаатда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига давлат томонидан ажратилган қиммат нархдаги камёб дориларнинг кўп қисми беморларга берилмагани, бунинг ўрнига шифохонада даволанаётган шахсларга шифохона ички дорихонасида тайёрланган суюқлик шаклидаги оддий дорилар қуйиб келинаётгани, бироқ касаллик тарихига қалбаки қайдлар киритиш орқали онкологик касалликларни даволашда ишлатилиши лозим бўлган дорилар ҳисобдан чиқариб келингани баён этилади.

Алишер Мингбоев

Мурожаат муаллифларига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига давлат томонидан ажратилган дорилар филиал директорига тегишли дорихоналарга чиқарилган, беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари турли йўллар билан ушбу дориларни қиммат нархларда сотиб олишга мажбурланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатдан норози бўлган фуқаролардан 2019 ва 2020 йилларда бир неча марта Ўзбекистон президенти номига ва юқори турувчи идораларга 180 та шикоят келиб тушган, текширувлар давомида ушбу шикоятларда келтирилган важлар тасдиғини топган бўлса-да, филиал директори ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан шу пайтгача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Шаҳар онкология маркази директори Ғолиб Ҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу айбловларни рад этди. У бўлим бошлиғи Алишер Мингбоевни туҳматда айблади, унинг айбловларини асослайдиган далиллар бўлса, қонун бўйича жазога тайёрлигини билдирди.

Ғолиб Ҳакимов, тиббиёт фанлари доктори, профессор

«Бу – туҳмат. 2020 йили марказимизда 11 минг 740 нафар бемор даволанган. Уларнинг ҳеч бири вазирликка шикоят қилмаган. Биз беморларни шифохонага ётқизмаётганимиз, бунга тўсқинлик қилаётганимиз, пулсиз операция қилмаётганимиз ҳақида бирорта шикоят йўқ. Порталга мурожаатлар кўп. 2019–2021-йилларда портал орқали тушган 181та мурожаат вазирлик комиссияси томонидан ўрганиб чиқилди. Лекин шу жойдаям биз беморлардан пул сўраганимиз, пулсиз шифохонага ётқизмаганимиз бўйича мурожаатлар топилмади.