2020 йил бошидан буён ишсизликнинг миллий даражаси 9,1 фоиздан 13,2 фоизгача кўтарилди, бунда энг юқори даража аёллар орасида (17,4 фоиз) ва ёшлар орасида (20,1 фоиз) кузатилди ва бундай ҳолат бутун дунёга хос.
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида истиқомат қилувчи Гулнора Бобоева каби аёлларни карантин чоралари зўрға кун кечиришга мажбур қилди. Унинг ўзи қисқача таъриф берганидек, «ойлик маош етмас эди».
Тумандаги кўпгина аёллар каби Гулнора БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ёрдамида, шунингдек, Канаданинг маҳаллий ташаббуслар жамғармасининг молиявий кўмаги ҳисобига янги корхона очиб, ушбу вазиятдан чиқиш учун қатъий бел боғлади.

Режалаштирилган корхона – гўзаллик салонини ташкил қилиш учун зарурий кўникмалар унда бор эди, лекин асбоб-ускуналар ва маблағлар мавжуд эмас эди, уларни эса БМТ ТД ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тақдим этиши мумкин эди. У мижозларни жалб қилиш учун зарур бўлган барча воситаларни олди, шу жумладан, соч олдириш ва ювиш учун курсилар, кўзгули столлар, қўл ва оёқ тирноқларини олиш учун тагликлар, шунингдек, керакли барча касбий асбоблар.
Гулнора Бобоева ҳам, ўз навбатида, олинган тажрибаси билан улаша бошлади, у ўз корхонасини бошқа аёлларни ўқитиш учун манзилга айлантирди, бу аёллар кейинчалик ўз корхоналарини очиши мумкин бўлади. Салон пандемия даврида ишсиз қолган яна уч нафар малакали уста сартарошларни ишга олди ва улар ҳам бошқа ходимларни шогирдликка олиб, касбга ўргатишди.
«Ушбу малакали аёллар сартарошлари доимий ишга эга бўлишди ва эндиликда яна икки нафар шогирдни ўқитишмоқда, мазкур шогирдлар ҳам келажакда меҳнат фаолиятини юритиб, доимий даромадга эга бўлишади», дейди Гулнора Бобоева.
У ўз салони пандемиядан сўнг пайдо бўладиган талабдан фойдаланиш учун яхши имкониятларга эга бўлгани сабабли яхши кунлар яқин орада келишига умид қилади.
«Авваллари аёлларимиз бу ердан 15 чақирим узоқликда жойлашган шаҳарга боришларига тўғри келарди. Бундан ташқари, шаҳарда нархлар қимматроқ, янги салонимизда эса биз барча истовчилар учун арзон нархларни белгиладик. Энди аёллар узоқ масофага боришга ва ҳар сафар қиммат нарх тўлашга мажбур эмаслар», дейди у.
Тадбиркорлик учун асос яратиш
«Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳлари учун ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш орқали Covid-19 пандемиясига шошилинч жавоб беришни қўллаб-қувватлаш» ташаббуси аҳоли орасида ўз-ўзини банд қилиш учун барқарор имкониятларни яратишда Гулнора каби аёлларга кўмак бериш мақсадида ишлаб чиқилди. Ташаббус аёлларга ўз корхонасини очишни қийинлаштирувчи ва карантин шароитлари сабабли янада кучайган қатор чекловларни бартараф этишга қаратилгандир.
















