Гулистон туманида банкоматдан пул ўғирламоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 12 сентябр куни соат 3:16 ларда Гулистон туманидаги Олтин водий маҳалласида содир бўлган. Ҳудуддаги банкоматдан қўриқлаш хизмати мониторинг марказига ташвиш сигнали келиб тушган.

Текширув давомида юзини яширган ҳолда болта ва бошқа ашёлар билан банкоматнинг ташқи қисмини бузишга уринаётган шахс аниқланган. Қўриқлаш хизмати ходимларини кўриб, воқеа жойидан қочишга уринган гумонланувчи тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинган.

Суриштирув жараёнида ушланган шахс Гулистон туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган Д.С. экани маълум бўлган. У белгиланган тартибда туман ИИБга олиб борилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари ўтказилмоқда.