Ассоциация вакилининг Kun.uz мухбирига берган маълумотига кўра, вебинарда Германиядаги тадқиқот институтларида ишлаётган ўзбекистонлик олимлар “COVID-19 давридан кейинги органик қишлоқ хўжалиги”, “Озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда сув тежамкор суғориш технологиялари” каби мавзуларда илмий-оммабоп маърузалари билан қатнашган.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида энг муҳим соҳа бўлиб қолмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг 28,2 фоизини ташкил этади.

«Кузатилаётган ўзгариб турувчи табиий иқлим, аниқ бир меъёрга эга бўлмаган ёғинлар, совуқ қиш ва ёзнинг қуруқ иссиғи экинлар ҳосилдорлигининг бир маромда ошишига салбий таъсир этмоқда.

Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда республикамизда деҳқончиликни янада ривожлантиришда ресурс тежовчи технологиялар бўйича илмий тадқиқотларнинг янги усулларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш зарурияти мавжуд.

Ушбу вебинар қишлоқ хўжалигининг долзарб масалалари ва муаммоларини илмий томондан ҳал этишда ёш олимлар ва вебинар иштирокчилари учун илмий тадқиқот ишларини бажаришда фойдали бўлади», дейилади ассоциация маълумотида.

«Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг вақтинча узилиши кам даромадли оилаларга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда»

Нодир Жонибеков

Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниц институти (ИАМО) профессори Нодир Жонибеков пандемиядан кейинги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги маърузасида пандемия шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришдаги тўсиқлар, Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ривожланишидаги муаммолар ҳақида ўз изланишлари билан ўртоқлашди.

«COVID-19 барқарор ривожланиш мақсадларига (SDG) эришишга катта таъсир кўрсатяпти. Ривожланаётган давлатларда COVID-19’нинг қишлоқ хўжалигига таъсирига доир мисоллардан бири бу озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш каналларининг вақтинча узилишидир. Бу, асосан, энг кам даромадли оилалар учун кучли салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

COVID-19’нинг тарқалишига қарши чора-тадбирлар фермерлар ва деҳқонлар маҳсулотларини маҳаллий бозорларга, дўконларга ёки яқин шаҳарларга етказиб беришида қийинчиликларга олиб келди.

HoReCa соҳаси чекловлари туфайли юқори қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоқларининг ривожланиши секинлашди. Ҳаракатланиш чекловлари фермерлар учун ишчи кучига талаб энг юқори бўлган ойларда мавсумий ишчиларнинг етишмаслигига олиб келди.