2 март куни Kun.uz сайтида «Асакача иш услуби: ўрганилмаётган ва эътиборсиз қолдирилаётган муаммолар» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Мухбир Абдували Қурбонов мақоласида Kun.uz’нинг Андижон вилояти бўйича Телеграм каналида ёритилган бир қанча мурожаатлар Асака туман ҳокимлиги томонидан эътиборсиз қолдирилгани ва муносабат билдирилмагани танқид остига олинганди. Яна бир бор эслатамиз - мақоладан мурод - камчилик ва муаммоларга туман мутасаддиларининг эътиборини тортиш, эълон қилинаётган мурожаатларга муносабат билдирилишини ташкил этишга чорлаш эди.
Афсуски, мақолага тез орада берилган муносабатда ёлғон маълумотлар берилгани, кўзбўямачиликка асосланилгани, ниҳоят, ҳокимлик яна ўзига хос ўша «янгича иш услуби»ни танлаганига гувоҳ бўлдик.
Вилоят ҳокимлиги томонидан эълон қилинган расмий муносабат бандларига бирма-бир тўхталсак.
20 январ куни Kun.uz’нинг Андижон вилояти бўйича Телеграм каналида тумандаги деҳқон бозори олдидаги автомобиллар пала-партиш жойлашиши оқибатида йўллар тўсилиб қолаётгани, мазкур ҳолат пиёдалар ва бошқа ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётгани юзасидан мурожаат ҳамда вазиятнинг фотоси эълон қилинганди.

Мурожаатда туман бозорининг ОЛДИдаги дейилганига қарамасдан, вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг расмий муносабатида умуман бошқа жойда амалга оширилган ишлар тилга олинган.

















