Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида «Ситуацион марказ» ташкил этилди.

Марказ директори Равшан Рўзиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, марказ МДҲ, Узоқ ва Яқин Шарқ давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимлари билан контрабандага қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик қилиб, божхона қонунбузарлиги соҳасида фаолият юритади.

«Бундан ташқари, марказ имкониятларидан келиб чиқиб, марказлаштирилган тартибда маълумотларни йиғиш, уларни жамлаш, таҳлил қилиш ва улар асосида мавжуд хавф ва таҳдидларни аниқлаш, минималлаштириш бўйича чоралар кўриш ва таклифлар киритиш каби ишларни амалга оширади.

«Ситуацион марказ» масофавий узоқ ҳудудларда жойлашган постлардаги вазиятни кузатиб бориш, зарур бўлган ҳолларда тегишли иш жараёнларини ташкил қилиш вазифаcини бажаради. Бундан ташқари, унда чегара божхона постларида жорий қилинган икки йўлакли (яшил, қизил) тизим орқали ҳаракатланаётган фуқаролар, товарлар ва транспорт воситаларини олдиндан тақдим қилинган маълумотлар асосида назорат қилиш ва фильтрлаш имконияти мавжуд», – дейди марказ директори.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, «Ситуацион марказ»ни ишга туширишга 500 минг доллардан ортиқ грант маблағлари сарфланган. Зарур техникалар Бирлашган миллатлар ташкилоти гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан етказиб берилган.

Маълум бўлишича, «Ситуацион марказ»да таҳлил ва истиқболни белгилаш йўналишида махсус тайёргарликдан ўтган офицерлар фаолият юритади.

Марказ директорининг таъкидлашича, ахборотларни таҳлил қилиш дастурида сунъий интеллект элементлари бўлиб, у трансчегаравий жиноятларга, айниқса, наркотикларнинг контрабандасига самарали тўсиқ бўлади, ахборот-таҳлил тизими янги босқичга чиқади.

«Ситуацион марказ»нинг асосий мақсади ҳолат рўй бермасдан олдини олишдир. Aгар тизим буткул мукаммал ишлайдиган бўлса, контрабандага қарши жиноятчилик кўрсаткичи катта фоизларда пастлайди. Бироқ олдиндан аниқ прогноз қилиш имконияти йўқ. Дастурда сунъий интеллект элементлари бор, бунда ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида рақамлаштириш имкониятидан фойдаланиб ҳолатларнинг олдини олиш кўзланган. Бундан ташқари, содир бўлган ҳолатлар бўлса ҳам уни қидириб топиш имконияти мавжуд.  Ҳозирда дастур ишга тушиб бир неча миллиардлик ноқонуний товар айланмалари аниқланди»,  – деди у.

Аввалроқ автомобилда халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда транспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига муҳокама учун қўйилганди.

Қарор лойиҳасига кўра, божхона назорати остидаги товар ва транспорт воситаларини электрон пломбалар ёрдамида масофадан кузатиб бориш тизими ишга тушиши назарда тутилганди.

Электрон пломбалар – автотранспорт воситасининг ҳаракати  тўғрисида маълумотларни сақлаш ва тизимга узатиш, шунингдек, унинг юк бўлинмасига кириш имконини чекловчи ва халқаро ташувларни амалга ошираётган автотранспортларни онлайн кузатиб бориш имконини берувчи идентификациялаш воситаси ҳисобланади.

Халқаро ташувларни амалга ошираётган автомобиллар юкхоналарига электрон пломбалар божхона органлари ходимлари томонидан ўрнатилади ва транспорт воситаси манзил божхона постига етиб келгач, пломба ечиб олинади. Пломбалар фаоллаштирилгач, транспорт воситаларининг ҳаракатини Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармасининг «Ситуацион марказ»и ҳамда ДБҚнинг ҳудудий бошқармалари масофавий назорат қилиши мумкин бўлади.

Мадина Очилова тайёрлади.