17:18 / 10.03.2021
11583

Гвардиола ғалабали серия, Манчестерда қолаётгани, Диас ва Фоден ҳамда ЕЧЛ ҳақида

Фото: Getty Images

Собиқ футболчи Рио Фердинанд BT Sport учун жуда қизиқарли интервьюлар уюштиради. Унинг навбатдаги меҳмони «Манчестер Сити»ни ушбу мавсумда оғир даврдан олиб чиқиб, 22 ўйиндан иборат ғалабали серияни амалга оширган ва деярли Англия чемпионига айлантирган Пеп Гвардиола бўлди. Пепнинг фикрлари унинг майдондаги схемалари каби мураккаб бўлмаса-да, жуда қизиқ чиқди. 

Асосий бурилиш нуқтаси – хотиржамлик

«Манчестер Сити»нинг ғалабали серияси «Тоттенҳэм»дан қабул қилинган мағлубиятдан (0:2) сўнг бошланганди.

«Ўша куни биз нимадир нотўғри кетаётганини англадик. Ўзгаришга ҳаракат қилдик, энди рақиб жарима майдонига кўпроқ футболчи жўната бошладим. Аслини олганда, бурилиш нуқтаси «Вест Бромвич»га қарши ўйин (1:1) бўлганди. Ўша ўйинда биз ютишимиз мумкин эди, аммо учрашув тугагач, мен штабдагиларга жамоа ўйини ёқмаганини айтдим. Гап натижада эмас, мен услубимизни танимай қолгандим. 

Биз аввал ҳаддан ташқари кўп югурар, аммо керакли позицияни тўлдира олмаётгандик. Тўп билан нима қилишни билмасдик, ортиқча ҳаракатлар кўп эди. Бизнинг кучимиз шунда бўлиши керакки, тўпга эгалик қилган футболчи шерикларининг қаерда эканини билиши керак. Биз ҳаммасини тез амалга оширишга уринардик, аслида футболда паузалар ҳам жуда муҳим. Ритмни назорат қилиш лозим, зеро уни иложсизликка қадар кўтариб бўлмайди.

Оқибатда, ўзлигимизга қайтишни бошладик: вингерлар юқорироқда ўйнаб, ҳужум кенглигини таъминлайдилар, марказда назорат кучаяди. Тўпсиз ёввойи тезликда югуриш мумкин, аммо тўпни назорат қилаётганда, хотиржамроқ бўлиш, кўпроқ узатмаларни амалга оширишни талаб қилдим. Кўпроқ натижа ҳақида эмас, майдонда қандай ўйнаш ҳақида бош қотиришни сўрадим. Худди Давид Сильва давридаги каби, ўйинларимиз бироз хотиржамроқ торта бошлади. Шу тариқа, ўйиндан ўйинга ғалаба қозониб, ишончни орттирдик».

Канселу ярим ҳимояда

«Сити»нинг муваффақиятли сериясини кўпроқ Жоау Канселунинг янги позицияси билан ҳам боғлашди. Португалиялик футболчи «алдамчи фулбэк»ка айланди. Пепнинг айтишича, бу аслида янгилик эмас, у «Бавария»да ҳам, Манчестерда ҳам кўп марта бундай услубга мурожаат қилган.

«Биз бундай вазифани ўз вақтида Делфга ҳам топширганмиз, Зинченко билан ҳам ўйналган. Бу шунчаки, яхши пас бера оладиган футболчи рақиб учун кутилмаган нуқталарда пайдо бўлишидир. Жоау – ажойиб футболчи, у буни эплади. «Вест Ҳэм» билан ўйинда Алекс (Зинченко) ҳам шундай позицияда ўйнади. Ҳаммаси рақиб ва шогирдларимнинг ҳолатига боғлиқ».

Рубен Диаш ҳаммани ўзгартирди

«Манчестер Сити»нинг ўсиб боришида катта аҳамият касб этган яна бир жиҳатни бемалол оддий мухлис ҳам пайқаши мумкин – ҳимоя. Жамоа АПЛ ўйинларида атиги 17 марта гол ўтказиб юборган, ғалаба серияси пайтида эса, барча мусобақаларда атиги 7та.

«Ҳимоя чизиғи бутун жамоага ишонч беради. Ҳужумчилар доим орқада кучли дарвозабон ва ҳимоячилар турганини ҳис қилса, анча ишончли ҳаракат қилишади. Аслида биз ҳеч нарсани ўзгартирганимиз йўқ, фарқи, биз хато қилмай қўйдик. Албатта, рақиб жуда яхши ўйин кўрсатса, гол уриши мумкин, қойил, лекин ўзимиз уларга гол совға қилмай қўйдик.

Айниқса, Рубен Диашнинг келиши катта ижобий таъсир кўрсатди. Бу трансфер Жон Стоунзнинг ўйинини ҳам яхшилади. Рубен шундай футболчики, бутун ҳимояни бошқара олади. Ҳам ўзи тўғри қарорлар қабул қилади, ҳам бошқаларга ёрдам беради. Фақат ўз вазифаси ҳақида эмас, умуман, шериклари ҳақида ҳам қайғуради».

Нега Манчестерда қолаётгани ҳақида

Ўтган йилнинг ноябрида Пеп «Манчестер Сити» билан 2023 йилгача амал қилувчи янги шартномага имзо чекди. Ҳа, мураббий учун Англиядаги фаолияти энг узоқ давом этган давр, ҳатто Барселонадагидан ҳам. Пеп нега айнан Манчестерда узоқроқ қолаётгани ҳақида ҳам фикр юритди.

«Барселонада мен бахтли эдим, «Бавария»да ҳам ҳаммаси ёққан. Лекин Англияда ўтган 4-5 йилга қарасам, шунчаки, ўзимни яхшироқ ҳис қиляпман. Фақат ҳозир эмас, ўтган мавсумда ҳам, биз ҳеч нарса ютмаганимизда ҳам муаммо йўқ эди.

Ғалаба қозонган онларимизда бахтлимиз. Ютқазсак, ўзимизга нега бундай бўлгани ҳақида савол берамиз. Бошқа клубларда, айниқса, Испанияда сенга натижаларга қараб баҳо беришади. Табиийки, бу ерда ҳам шундай, лекин бу ерда «ютсанг зўрсан, ютқазсанг, ёмонсан» дейишмайди. Мендан бундан кейин яхшироқ ўйнаш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида сўрашади.

Мураббий – жамоадаги энг нозик позиция. Буни ҳамма билади. Аммо бу ерда раҳбарият томонидан ишончни ҳам, қўллаб-қувватлашни ҳам сезиб тураман. Қарорлар қабул қилишда анча эркинликка эгаман, босим халақит қилмайди.

Барселонада, Мюнхенда ҳам бахтли эдим, лекин доим Англияда, Шекспир, Битлз ва Oasis юртида ишлашни орзу қилганман».

Чемпион Лигаси – бошқача мусобақа

Ҳа, Пеп учун бу жуда оғриқли нуқта ва унинг ўзи буни тушунади. Мураббий Риога бу турнирнинг ўзига хослиги ҳақида тушунтирди.

«Албатта, бу ерда мен ушбу турнир борасида босимни ҳис қиламан. Агар Чемпионлар Лигасининг энг охирги босқичларига етиб бора олмасам, тушунаманки, мен айнан шу вазифани бажара олмаган бўлиб чиқаман. Буни қабул қиламан. Лекин кўпинча, гап фақат совринларда бўлмайди, яхшироқ ўйнаш, жамоага янги, ижобий турткилар бериш, чўққида имкон қадар узоқроқ қолиш муҳимроқ.

Биз ажойиб тўрт мавсум ўтказдик. Ўтган йил ҳам ёмон эмасдик, лекин 99 очко тўплай олган янада кучлироқ рақибга дуч келдик. Аммо Лига кубоги ва Англия Кубогида ёмон ўйнамадик. Умид қиламанки, ушбу мавсумда ёки келаси йили Европа майдонларида ҳам ўзимизни кўрсатамиз.

Чемпионлар Лигасида доим нимадир етишмайди: озгина сантиметрлар, бир неча метрдан очиқ дарвозани нишонга ола билмаслик. «Манчестер Юнайтед» 1999 йилда Чемпионлар Лигасини ютганда мен ҳам «Камп Ноу»да эдим. Ҳисоб 0:1 бўлиб турганда, икки дақиқада икки гол бўлди. Бу ажойиб ғалаба, лекин таҳлил қилиш жуда қийин. Чемпионлар Лигасида бундай ҳолатлар кўп бўлади ва доим буни эътиборга олиш керак. Сен етарлича кучли бўлмаслигинг ҳам мумкин ёки баъзида шунчаки, омад сендан юз ўгиради».

Майдон четидаги «тентак»

Майдон четидаги Гвардиола АПЛдаги энг ҳиссиётли мураббийлардан биридир.

«Мағлубиятга учраётган пайтларимда, ростан ҳам жуда қўрқинчли бўлиб кетаман. Умид қиламанки, бир неча йил ўтиб, Карло Анчелотти ёки Рой Ҳожсонларнинг ёшига етганимда, мен ҳам анча хотиржамроқ бўламан.

Ўзимга ҳам бу ёқавермайди, жуда кўп марта шогирдларимдан узр сўраганман. Лекин бу менинг ҳиссиётларим, агар нимадир ёқмаса, буни етказиб бериш услубим. Ҳаммаям одам, баъзида бўшашиш, ўзини қўйиб юбориши мумкин, лекин менинг жамоамда ҳеч қачон бундай бўлмаслиги керак. Ўзимни кўрсатиш учун қилмайман, бу менинг характерим.

Мен шунчаки, бу ўйинни яхши кўраман. Ўйин тугаши билан шогирдларимга ниманидир тушунтираётганим кўпчиликнинг кулгисига ҳам сабаб бўлган. Лекин баъзида ўша паллада, футболчи барчасини эслаб турганида гаплашиш осон. Одатда, ҳаммасини эртасига муҳокама қиламиз. Шуниси муҳимки, футболчилар буни жазо сифатида қабул қилмасликлари лозим. Аммо ҳозир шунақа даврки, ҳамма ғалаба қозонишга чанқоқ: буюк спортчи соврин ютиши билан душга кириб, кейинги ғалабалар ҳақида ўйлай бошлаши шарт».

Фил Фоден ҳақида

Рио Пепдан «Сити»нинг асосий иқтидорли тарбияланувчиси Фил Фоден ҳақида ҳам сўради. Бир пайтлар, студиялардан бирида Фердинанд Фоденга кўпроқ майдонга тушиш учун бошқа жамоага ижарага кетишни маслаҳат берганди. Фил Манчестерда қолди ва ажойиб мавсум ўтказмоқда.

«Фоден сенга ўхшаган мутахассисларга камроқ қулоқ солиши керак, Рио. У кўпроқ ўз устида ишлаб, нималарни яхшилаши мумкинлиги ҳақида бош қотириши фойдалироқ. У мегаиқтидорли футболчи, лекин ҳалиям фақат бир ритмда ўйнайди. У майдонда жуда тезкор, портлай олади, лекин баъзида хотиржамлик ҳам катта ёрдам беради. Қачонки у, турли ритмларни ўзида жамлай олса, катта футболчи бўлиб етишади.

У ҳозир ҳам индивидуал маҳорати ёрдамида кўп фойда келтириши мумкин. Лекин у ўйинни ҳис қилишни, тушунишни ўрганиши керак. Гап Фоден бу ишни қила олмаслигида эмас, шунчаки, у эндигина 20 ёшда. Ҳар қандай футболчи 28 ёшида 20 ёшидагидан кўра кучлироқ бўлади».

ЕЧЛ финали ва Мессининг бош билан урган голи ҳақида

Суҳбатнинг энг қизиқарли жойи охирида, Рио 2008/09 йилги мавсумдаги ЕЧЛ финалини эслаганида бўлди. Ўшанда Пепнинг «Барселона»си Рио Фердинанд тўп сурган «Манчестер Юнайтед» устидан ғалаба қозонганди. Гвардиола суҳбатдошига бироз ҳазил қилди.

«Мен Мессига «узоқ устунга бор, у ерда Рио тўп суради, осон бўлади» дегандим. Аслини олганда, бизнинг бироз омадимиз келганди. Дастлабки 15 дақиқада ҳисоб 0:2 кўринишига айланиши ҳам ҳеч гап эмасди. Криштиану жарима зарбасини жуда хавфли ижро этган. Мен учун ўша финалларда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйнаш шараф эди. Ғалаба қозонганимиз эса, табиийки, ёрқин хотира сифатида қолган».

Top