Нуриддин «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида қандай қилиб Facebook компаниясига ишга киргани, «StartUp»ларни ривожлантириш ва IT соҳаси қийинчиликлари ҳақида гапириб берди.
Фан - бу фақат китобда ўқиган нарсамиз эмас...
Global UGRAD дастурида 4 ой давомида АҚШдаги Миссисипи университетида ўқиганман. Шу вақт давомида 4-5та фанни ўқиган бўлсам, менга энг ёққан томони - бизнинг дарсларимиз энг охирги технологиялар асосида ўтилар эди, масалан, ўша вақтда дунёда iOS’нинг энг охирги версияси 10-версия бўлса, бизнинг дарсларимиз ҳам ана шу 10-версия асосида ўтилган. Ўша нарса менга жуда катта мотивация берган, яъни фан фақат китобдаги ўқиган нарсамиз эмас, ҳаётда кўрган нарсамиз ҳамдир, қаердадир ишлатган нарсамизга ҳам тааллуқли бўлган. Китоб бошқа, ҳаёт бошқа бўлмаган. Шу Америкадаги ўқув тизимининг менга энг ёққан томони бўлган.

Facebook’га ишга таклиф қилишганида аввалига ишонмагандим
Бир кун LinkedIn тармоғидан бир ҳинд одам «Эй йигит, Facebook'да ишлайсанми?» деб ёзиб қолди. Бошида шубҳали туюлган, охирида пул сўрайди, деб ўйлаганман. Кейин резюме топширдим, ишга кириш учун талаблар катта, камида 7 йил иш тажрибаси сўралар эди. Бошида ишонқирамай гаплашдим, чунки иш тажрибам бир ярим йил эди. Кейин ўша ҳинд билан телефонда гаплашдик, резюмеда ёзилган маълумотларни яна бир бор ўзимдан сўраб, текшириб олди. Кейинги босқичда компания масъул ходими билан «phone interview» бўлган, яъни компания қидираётган одам билан шу одам бир-бирига тўғри келадими ёки йўқми, деб текширди. Ҳозирда бирга ишлайдиган менежерим, британиялик одам суҳбат қилган, кейинги босқичда ҳам яна шу менежер билан энди соҳага оид суҳбат бўлган. Охирги босқичда «onside interview» бўлиши керак эди, пандемия бўлмаганда номзод Facebook'нинг қайсидир офисига чақириларди ва юзма-юз суҳбат бўларди, яъни «product manager interview». Бунда 4та нарса текширилади: биринчиси - Facebook'ни ривожлантиришга қанчалик қобилияти бор, иккинчиси - аналитика билан ишлаш қобилияти, учинчиси - лидерлик қобилияти, тўртинчиси - лойиҳани қандай қилиб охиригача олиб бориши. Интервью қийин бўлди, лекин натижасини кутиш ундан ҳам қийинроқ бўлди. Якунда мен ва яна бир номзоднинг натижалари тенг бўлиб қолди. Энди яна бир қўшимча суҳбат бўлишини айтишди, бу сафар Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида яшайдиган ҳозирги ҳамкасбим билан суҳбат бўлди. Интервью зўр ўтди, ўзимга ёқди, унинг жавобини ҳам яна тахминан бир ойча кутдик ва якунда Facebook'га қабул қилинганимни айтишди ва 1 августда ишга олиндим. Ҳозирдаги вазифам Ўрта Осиёда Facebook, Instagram ва WhatsApp’нинг ўсишини таъминлаш, аҳоли менталитети ва табиатидан келиб чиққан ҳолда, мос функцияларни ишлаб чиқиш ва муаммоларни бартараф этишдан иборатдир.












