Қирғизистон президентининг матбуот котиби Галина Байтерек президент Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи якунлари юзасидан баёнот берди.

Қирғизистон президентининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда бир нечта масалалар қатори давлат чегаралари юзасидан ҳам тўхталиб ўтилган.

«Томонлар давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини келгуси уч ой ичида якунлаш керак деган фикрга келдилар. Давлат чегараларининг ҳуқуқий расмийлаштируви чегараолди ҳудудларидаги барқарорликни мустаҳкамлайди, икки томонлама алоқалар ривожига янги туртки беради», – деди Байтерек.

Унинг сўзларига кўра, тез орада икки давлат ўртасидаги 7 та назорат-ўтказиш пункти фаолияти тикланади: «Ўзбекистон томони юк ташиш масаласини ҳал қилишга ва зарурат бўлганда, [бу НЎПларни] ҳужжатларни сканерлаш учун махсус техникалар билан таъминлашга ваъда берди».

«Қирғизистон томони ўзбек анклави Сўх билан авиаалоқани очишга тайёр. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳозирги вақтга қадар чегараолди ҳудудлар аҳолиси ўртасида зиддиятларга сабаб бўлган низоли ҳудуд – Унгартепага ортиқ даъво қилмасликка тайёр», – дейилади Қирғизистон президенти матбуот котибининг расмий баёнотида.

Баёнот эълон қилингач, маълум вақт ўтиб ўчирилди ва айрим ўзгаришлар билан қайта эълон қилинди. Расмий ахборотнинг дастлаб эълон қилинган талқинида юқоридаги хатбоши қуйидагича мазмунда эди:

«Қирғизистон томони ўзбек анклави Сўх билан транспорт ва авиаалоқани очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегараси орқали эркин ҳаракатланиши мумкин бўлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳозирги вақтга қадар чегараолди ҳудудлар аҳолиси ўртасида зиддиятлар ва сиёсий тарангликка сабаб бўлиб келган Унгартепани беришга тайёр».

Галина Байтерекнинг қайд этишича, чегараларни делимитация қилиш бўйича бошқа баҳсли масалаларни қўшма комиссия ҳал этади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги музокаралардан сўнг икки давлат раҳбарлари журналистлар билан учрашган ва унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чегара масалалари бўйича 3 ойда бир тўхтамга келинишини айтганди.