Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги мутасаддилар шифо маскани ерини сотишни қасд қилишса, президент қарори ҳам, соғлиқни сақлаш вазирининг хати ҳам, депутатларнинг қаршилиги ҳам, шифокорларнинг норозилиги-ю аҳоли саломатлиги ҳам уларга заррача тўсиқ бўла олмас экан.

Kun.uz сайтида тумандаги Жейнов шифохонасининг салкам 2 миллиард сўмга таъмирлангани ва бир йилга етмай таъмирталаб бўлиб қолгани ҳақида ёзилган эди. Шифохона шундан сўнг қайтадан енгил таъмирланган.

Эндиги муаммо эса ундан ҳам аянчли: тиббиёт муассасаси ерлари йил сайин тўрт томондан қисқариб бормоқда. Бу кетишда ҳадемай фақат бинонинг ўзи қолса, ажаб эмас.

Жейнов шифохонаси 1997 йилда қурилган бўлиб, 30 минг аҳолига хизмат кўрсатади. 2017 йилдаги маълумотга кўра, жами ер майдони 15397,56 квадрат метрни ташкил этади.

Дастлаб 2017 йил бинонинг ўнг томондан 30 сотих ери бозор ҳудудига қўшиб берилган. Ундан сўнг эса олд томонидаги 20 сотих ер шифохона балансидан олиб қўйилиб, автомобиллар тўхташ жойига бериб юборилган. Энди беморлар ҳафта кунларига қараб бу ердаги бозор шовқинига ҳам, автомобиллар шовқинига ҳам ва ҳатто ғишт цехи шовқинига ҳам чидаши керак. Муассасанинг яна бир ҳудуди эса хусусий дорихона қурилишига берилган. Барчаси туман ҳокими қарори билан.

Айни вақтда шифохона ҳовлисига киришда ўнг томонда хусусий тадбиркор қурилиш бошлаб юборган. Маълум бўлишича, 2019 йилдаёқ бу жой аукцион орқали тадбиркорга сотиб юборилган экан.

Шифокорлар ҳар қандай тиббий муассаса фақат тўрт девор ичидаги хоналардан иборат бўлибгина қолмай, балки беморлар учун тоза ҳаво, очиқ майдон, майсазор ёхуд дарахтлар ҳам бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтишди. Бу тегишли санитария меъёрлари билан белгилаб қўйилган ва ўз вақтида шунга монанд равишда ер ажратилиб, шифохона барпо этилган. Кейинги йилларда шифохона ҳудудининг ҳар томондан қисқариб келиши оқибатида деярли бинонинг ўзи қолмоқда.