Феврал ойи бошида Ўзбекистон Британиядаги Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланган вакцинадан 2,6 миллион доза олиши ҳақида хабар берилганди. Бугун эса Ўзбекистонга Ҳиндистонда ишлаб чиқарилаётган CoviShield вакцинаси олиб келинаётгани маълум бўлди.

5 март куни республикага шприц ва хавфсиз утилизация қутилари келтирилиб, тақсимот асосида жойларга тарқатилганди. 

Санитария-эпидемиология хизмати хабарига кўра, 1,98 миллион долларлик вакциналар Тошкент халқаро аэропортига соат 01:55да етиб келади. Улар ЮНИСЕФ томонидан COVAX дастури доирасида олиб келинмоқда. Вакциналар Ўзбекистонга бепул етказиб берилади.

2,6 миллион дозалик миқдорнинг 35-40 фоизи 2021 йилнинг биринчи чорагида, қолган қисми иккинчи чоракдан дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.

Covishield бу AstraZeneca’ми?
Бу вакциналар бир-биридан фарқ қилмайди. CoviShield - AstraZeneca вакцинасининг ҳиндча муқобили ҳисобланади. AstraZeneca 2020 йил кузида Ҳиндистоннинг Серум институти (Serum Institute) билан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш бўйича келишув имзолаган. Вакцина ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчилардан бўлган бу институт AstraZeneca’ни лицензия асосида ишлаб чиқармоқда. Ҳиндларнинг Astra Zeneca’сининг маҳаллий номи CoviShield деб аталади. Институтда ойига 50 миллион дозадан ортиқ вакцина ишлаб чиқариш мумкин.

AstraZeneca вакцинаси Ҳиндистондан ташқари Жанубий Кореяда ҳам ишлаб чиқарилмоқда. ЖССТ икки ишлаб чиқарувчини ҳам маъқуллаб берган.

Ҳиндистон Лотин Америкаси, Кариб денгизи ҳавзаси, Осиё ва Африкадаги 71 давлатга 58 миллион доза вакцина етказиб беради. Бу давлатлар орасида Буюк Британия, Канада, Бразилия ва Мексика каби давлатлар бор.

AstraZeneca қандай ишлайди?
Оксфорд вакцинаси деб ҳам аталадиган AstraZeneca Оксфорд университети ва AstraZeneca номидаги инглиз-швед фармацевтик компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Бу вакцина вектор технологиялари асосида ишлаб чиқариляпти. Бундай технологияда бир вируснинг генетик материалини етказиш учун оддий шамоллашнинг аденовируслар оиласидан бўлган бошқа бир вируснинг қобиғидан фойдаланилади. Бу йиллар давомида вакцина яратилишида фойдаланиб келинган технология. Масалан, Эбола вирусига қарши вакцина шундай яратилган.

Оксфорд тадқиқотчилари шимпанзе аденовирусидан фойдаланишади. Касаллик қўзғатувчи аденовирус гени йўқ қилинади. Унинг ўрнига коронавирус оқсили коди билан ген жойлаштирилади. Бу иммун тизимига туриб бера олиш ва антитаначалар ишлаб чиқариш имконини берувчи хавфсиз технологиядир. Антитаначалар эса одамни шикастланишдан сақлайди. Вакцина бу – соғлом одам тез тузалиб кетиши кафолатланган ҳолда вирус ёки бактерия билан атай шикастлашдир.