Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича тақдимот билан танишди.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда мамлакатда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 триллион сўмдан 43,1 триллион сўмга етган. Тармоқ экспорти 1 миллиард доллардан ошган ва бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга етказиб берилмоқда.

Маиший техникага бўлган ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қопланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи эса экспортга йўналтирилмоқда.

Соҳада қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш станциялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар ва иссиқлик насослари каби юзлаб янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

2026 йилнинг январь–июль ойларида тармоқда 30 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 706 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Шу даврда умумий қиймати 148 миллион доллар бўлган 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта янги иш ўрни яратилган.

Йил якунига қадар электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 51 триллион сўмга, экспортни эса 1,6 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 420 миллион долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Тақдимотда 2030 йилгача электротехника ва унга ёндош саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани қайд этилди. Шу давргача соҳага 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва мисга қўшилган қиймат даражасини 35 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Бунинг учун тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари таклиф қилинди.

Жумладан, мис хомашёсини харид қилишда унинг қийматининг 25 фоизини корхонанинг ўзи, қолган 75 фоизини эса “Ўзсаноатэкспорт” АЖ тўлайди. Корхоналар ушбу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача ставка билан қайтаради. Мазкур механизм учун 50 миллион доллар ресурс йўналтирилади.

Шунингдек, кредит олишда гаров таъминоти сифатида экспорт шартномалари ва суғурта полислари каби бошқа таъминот турларини ҳам қабул қилиш имконияти яратилади. Инвестиция лойиҳалари учун миллий ва хорижий валютада ажратилган кредитларнинг бир қисмини уч йил давомида қоплаб бериш кўзда тутилмоқда.