9 сентябр куни кечқурун Сочининг соҳил ҳудудига Украина денгиз дронлари ҳужум қилди (РФ мудофаа вазирлиги уларни «экипажсиз катерлар» деб атаган). Натижада 28 киши, жумладан, икки бола жароҳат олган, деб хабар берди Краснодар ўлкаси оператив штаби. Яраланганларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган, катта ёшли уч киши ва бир бола шифохонада қолмоқда.

Ҳужум ҳақида маҳаллий вақт билан соат 9 лар атрофида хабар тарқалди. Бу вақтда соҳилда жойлашган «Фестивалний» маданият саройида қўшиқчи Татяна Буланованинг концерти ўтказилаётганди. Концерт тўхтатилиб, томошабинлар эвакуация қилинган.

Сочи соҳилидаги денгиз дронлари ҳужуми вақтидаги портлаш. 2026 йил 9 сентябр
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан скриншот / Reuters / Scanpix / LETA

«Турмуш ўртоғим концертда эди. Эвакуация эълон қилинганида одамлар йиқилиб, ваҳимага тушиб қоча бошлаган. Атрофда портлаш овозлари эшитиларди. У машинага чопаётиб, йиқилган. Уни зарба тўлқини йиқитган. Ҳар бир портлашдан кейин портлаш тўлқини сезилган. Портлашлар жуда яқинда рўй берган», – дейди бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

93.ru нашри хабар беришича, ҳужум ҳақидаги огоҳлантиришдан кейин ҳам соҳилда одамлар кўп эди. Дам олувчилар дастлаб бунга реакция қилишмаган ва фақат портлашдан кейингина ҳар томонга қоча бошлаган.

«Портлашлар жуда яқинда рўй бераётганидагина ҳамма югура бошлади. Аввалига барча қараб турди, чунки Сочи учун бу одатий ҳолат. Аммо биздан 300 метр нарида портлаш бўлди – ва шундагина барча қоча бошлади. Ақл бовар қилмас хаос юзага келди. Барча бақирар, болалар йиғларди. Барча чопиб борар, атрофда портлашлар бўларди. Қаёққа кетаётганимизни билмасдан югурардик, чунки ҳеч қаерда бомбапанагоҳ йўқ эди. Амаллаб ерости ўтиш жойигача етиб бордик», – дея ҳикоя қилади гувоҳлардан бири.

Ҳужумдан кейин соҳилда ёнғин бошланган, аммо маҳаллий расмийлар шикастланиш жиддий эмас, деб баҳолаган. «Ойналар ва фасад элементларини тиклаш зарур. Ишончим комилки, биз буни тезда уддалаймиз», – деб ёзди шаҳар мэри Андрей Прошунин телеграм-каналида. Шунингдек, у ҳужум оқибатлари тўлиқ бартараф этилгунга қадар пляжлар ташриф буюрувчилар учун ёпиқ қолишини билдирди. «Сочининг қолган қисмида вазият барқарор», – дея қўшимча қилди Прошунин.

Ҳужумдан кейин Тергов қўмитаси теракт бўйича (ЖК 205-моддаси) жиноий иш очган. Идора Украина курорт зонасига «қасддан» ҳужум қилганини қайд этган.