16 мартда Тошкентдаги «Ишга марҳамат» мономарказида Москва шаҳридаги «Кўп тармоқли миграция маркази»нинг Ўзбекистондаги филиали расман очилди. У Москва шаҳри ва вилоятида ишлаш истагидаги чет эллик фуқаролар учун патент расмийлаштириш хизматини кўрсатади.

Энди меҳнат мигрантлари Россия ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш жараёнини бевосита Тошкент шаҳридаги филиалда бошлашлари мумкин. «Кўп тармоқли миграция маркази»нинг Ўзбекистондаги филиали орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми Ўзбекистонда амалга оширилади.

«Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлаш, касбий малакасини баҳолаш, иш берувчилар билан суҳбатлар ўтказилишини ташкил этиш, ушбу давлатга кириш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тақиқларни текшириш, меҳнат мигрантларига ишга жойлашиш, ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, пандемия билан боғлиқ чекловларни инобатга олган ҳолда мамлакатда бўлиш тартиблари бўйича маслаҳатлар бериш, уларнинг Россияга кириб боришига кўмаклашиш ва мавжуд вакансиялар ҳақида маълумотлар бериш каби хизматлар амалга оширилади. Қолаверса, бу ерда Россияга киришга тақиқ бор-йўқлигини ҳам текшириш мумкин бўлади», - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов.

Унинг айтишича, Россия минтақаларидаги миграция марказларининг филиаллари республика вилоятларидаги мономарказларда ҳам босқичма-босқич очилади. Жумладан, Самара вилояти Фарғона водийси вилоятларида ўз филиалларини очиш истагини билдирган бўлса, Татаристон, Бошқирдистон республикалари Миграция марказлари Самарқанд вилоятига қизиқиш билдирмоқда.

Филиалга тўланадиган ҳақ Москвадагидан қанчалик фарқ қилади?

Бу саволга жавоб берган Эркин Муҳиддиновга кўра, нархлар Москвадаги марказга тўланадиганидан фарқ қилмайди. Аммо, истаган фуқароларга субсидиялар, 2 млн сўмгача микроқарзлар тақдим этилиши, тез орада йўлга қўйилади. Шундай қилиб, марказ сайтидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Москва шаҳрида патент расмийлаштириш учун тўланадиган пул жами 15 минг рублга яқинни ташкил этади. Демак, Тошкентдаги филиалга келган меҳнат мигранти ҳам бу ерда 2 млн 200 минг сўмга яқин маблағ тўлаши талаб этилади.