Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобил транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Аҳолига автомобил транспортида хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш, автомобил транспортида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини янада такомиллаштириш мақсад қилинган.

Қуйидагилар:

шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ичида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, шу жумладан тендер ўтказиш асосий тамойиллари, тендер бўйича таклифлар мазмунига қўйиладиган талаблар, тендер таклифларини баҳолаш ва ғолиб аниқлаш ҳамда тендер ғолиби билан ҳужжатларни расмийлаштириш ва бекор қилиш тартибини назарда тутувчи Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўналишларни бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

янги ташкил этилаётган йўналишлар ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳамда очиқ тендерларда лотлар бўйича ташувчилар томонидан келиб тушган таклифлар ҳаққонийлигини ўрганиш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тартибини назарда тутувчи Йўловчи ташиш йўналишлари ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳамда тендер таклифлари ҳаққонийлигини ўрганиш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Транспорт вазирлиги билан биргаликда тегишли ҳудудий комиссия низомини ҳамда таркибини тасдиқлайди.

Транспорт вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 30 апрелга қадар йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали ташувчиларга бириктириш бўйича электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади.

Электрон ахборот тизими доирасида Ўзбекистонда рўйхатга олинган автотранспорт воситалари ҳамда автотранспорт ижара шартномалари тўғрисидаги, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги маълумотлар базаси манфаатдор вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро интеграция қилиниши назарда тутилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 майдан бошлаб шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ичида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон ахборот тизими орқали ўтказилади.