АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинни қотил деб ҳисоблашини айтгач, бу мавзу роса «ёнди». Кўп ўтмай Путин Байденнинг гапига жавоб берди ва уни жонли эфирдаги очиқ мулоқотга таклиф қилди. Табиийки, бу дебат кўринишидаги ўзига хос дуэль ўтказилмайдиган бўлди, чунки Байден бунга вақти йўқлигини айтди. Хўш, агар Байден ва Путин чиндан дебатларда қатнашса, ким ғалаба қозонган бўларди? «Медуза» бу борадаги имкониятларни чамалади.

Давлат етакчилари дебатларда учрашадими ўзи?

Дебатлар сиёсий мақсадига қараб икки хил бўлиши мумкин. Биринчи турдаги дебатларда муросага келиш бирламчи ҳисобланади. Яъни ҳар икки томон ҳам қандайдир чекинишга тайёр бўлади. Бундай дебатларда ҳал қилинаётган муаммога ечим топиш асосий мақсад ҳисобланади. Масалан, президентларнинг бошқа мамлакатга давлат ташрифи доирасида ёпиқ эшиклар остида ўтадиган учрашуви айнан мана шундай дебатга мисол бўлиши мумкин. Унда президентлар ўз давлати манфаатидан келиб чиққан ҳолда мунозарага киришади.

Парламентдаги дебатларни ҳам биринчи тур дебатларига мисол қилиш мумкин. Чунки у ерда ҳам манфаатлар ҳимоя қилинади. Парламент дебатлари давлат етакчиларининг учрашувидан фарқли тарзда очиқ ўтади. Бунда парламент вакиллари ўз электоратига уларнинг манфаати учун қандай курашаётганини кўрсатиши ҳам муҳим.

Иккинчи турдаги – тортишувли дебатлар томошабинлар учун анча қизиқарли. Бундай дебатларда рақибни ҳар қандай усулда ноқулай ҳолатга тушириш муҳим. АҚШдаги президент сайловларидаги номзодлар ўртасидаги дебатлар бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

Давлат етакчилари, президентлар ўзаро биринчи турдаги дебатларда қатнашиб, миллат манфаатларини ҳимоя қилади (ҳар ҳолда шунга интилади). Бундай ўзига хос дебатларнинг асосий қисми ёпиқ ўтгани сабаб одамлар тафсилотлардан бебаҳра қолишади. ОАВ учун очиқ бўлган дастлабки бир неча дақиқада эса етакчилар бир-бирларини мақташдан нарига ўтмайди. Ишонинг, ёпиқ эшиклардаги учрашувлар бутунлай бошқача бўлади. Бунинг исботи сифатида Обама Путин билан учрашувдан эшикни тепиб чиққанини эслаш кифоя.