Ўзбекистон | 09:21 / 25.03.2021
3320
4 дақиқада ўқилади

Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Фото: Getty Images/ William Whitehurst

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистонда суд-экспертлик институтини ҳар томонлама ривожлантириш, бу соҳадаги муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш, шунингдек, 2021–2025 йиллар давомида суд-экспертлик тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсад қилинган.

Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари ва вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани мунтазам такомиллаштириб бориш;
  • суд-экспертлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;
  • суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш;
  • суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш;
  • нодавлат суд экспертиза институтини ривожлантириш;
  • суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва ривожлантириш;
  • суд-экспертлик фаолияти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги суд экспертиза муассасалари мавжуд штат бирликлари доирасида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази ҳузурида 15та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
  • давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;
  • суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларни ишлаб чиқиш;
  • судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга методик ёрдам кўрсатиш шаклларини ташкил қилиш;
  • суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чоралар кўриш;
  • суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизаси янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш;
  • суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • суд-экспертлик фаолиятини илмий-услубий ҳамда бошқа ахборотлар билан таъминлаш.

Суд-экспертиза соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида қуйидаги олий таълим муассасаларида:

  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида “Суд-экспертизаси ва криминалистика” ҳамда Тошкент давлат транспорт университетида “Суд-автотехник экспертизаси” бўйича;
  • 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Архитектура ва қурилиш институтида “Суд-қурилиш ва суд-ер экспертиза”лари ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Суд-иқтисодий экспертизаси” бўйича магистратура мутахассисликлари ташкил этилади.

Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид