11:41 / 26.03.2021
7281

Жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўйича фракциялараро дебат ўтказилди.

Фото: «Меҳр ва оқибат»

Маълум қилинишича, дебат мавзуси бўлган қонун лойиҳасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, атмосфера ва сув ресурсларига зарар етказганлик билан боғлиқ янги ҳуқуқбузарликлар турларини ва улар учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Киритилаётган қонун лойиҳасида жониворларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши, чавоқланиши, энг ачинарлиси кўнгилхушлик сифатида тириклайин ёқиб юбориш ҳолатлари майда безорилик сифатида малакаланиш ҳолатлари ҳам учраётгани, ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш жамоаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилиш қийноққа солиш кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилаётгани қайд этилган.

Ушбу вазиятлардан келиб чиқиб, Жиноят кодекси ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун, яъни безорилик оқибатида ёки бошқа ғаразли ниятларда уларнинг қийноққа солиниши ёхуд уларга азоб етказилиши уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни белгиловчи янги 202-1-модда билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, биринчи қисмида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик, яъни безорилик оқибатида ёки бошқа ғаразли ниятларда уларни қийноққа солганлик ёки уларга азоб етказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима, иккинчи қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ёки вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилганлиги ёхуд ҳайвонларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жавобгарлик белгиланмоқда.

ЎзЛиДеП фракцияси ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича киритилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлади. Экология партияси фракцияси эса, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари ҳайвонларни стериллаш, боқиш, эмлаш ваколати берилмаганини ва мазкур қонун лойиҳасида ушбу бўлим фаолиятини эътиборга олиш лозимлигини билдирди.

Якунда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсияларни умумлаштириши маълум қилинди.

Top