Воқеа
Evergreen транспорт компаниясининг Панама байроғи остида сузаётган Ever Given контейнер ташувчи кемаси Сувайш каналида саёзликка ўтириб, Ўрта ер денгизи ва Қизил денгизни боғловчи каналда кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйди.
Кема каналга кўндаланг туриб қолган ва икки томонлама ҳаракатни тўсиб қўйган. Кемани буришга уринишлар ҳозирча бесамар кетмоқда.

Ever Given
Ever Given 2018 йилда Япониянинг Imabari Shipbuilding кемасозлик компанияси томонидан қурилган. Унинг узунлиги 400 метр, эни 58,8 метрга тенг.
Кема 20 100 дона стандарт денгиз контейнерларини (узунлиги 6,1 метр, эни 2,44 метр ва баландлиги 2,59 метр) ташишга мўлжалланган. У 199,5 минг тонна юкни таший олади. Кеманинг крейсер тезлиги 9,6 узелга (соатига 17,7 километр) тенг.
Оқибат
Lloyd’s List компаниясининг ҳисоблаб чиқишича, Ever Given контейнер ташувчи кемасининг Сувайш канали орқали ҳаракатланишни тўхтатиб қўйиши жаҳон савдосига соатига 400 млн долларга тушмоқда.
Кема Сувайш каналида тиқилиб, ҳаракатни тўхтатиб қўйганидан сўнг нефт нархи кескин кўтарилди.

Ҳозирда каналда 200та кема туриб қолган. Маълумотларга кўра, суюлтирилган газ ташувчи еттита кема йўналишини ўзгартирган. Учта кема Африкани айланиб ўтиш учун йўлга тушган, қолган кемалардаги юклар эса Осиё бозорига сотиб юборилиши мумкин.









