24 сентябр куни 2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологияларни такомиллаштиришга қаратилган стратегия тасдиқланди. Марказий банкда мазкур мавзуга бағишланган матбуот анжуманида Марказий банк департамент директори Равшан Қодиров Open banking 2027 йилдан босқичма-босқич ишга туширилишини маълум қилди.
«Open banking’ни содда қилиб айтадиган бўлсак, бу банклар ўртасида маълумот алмашишнинг очиқлиги. Масалан, фуқаронинг бир тижорат банкида ҳисобрақами ёки жамғармаси бўлса, бошқа банкдаги қулай шартлар, жозибадор акция ёки хизматдан фойдаланиш учун қайтадан ҳисобрақами очиши, ҳужжатларни қайта топшириши ва расмийлаштириш жараёнларидан ўтиши шарт бўлмайди. Бу имконият нафақат жисмоний шахсларга, балки юридик шахсларга ҳам тааллуқли бўлади», — деди у.
Қодировнинг айтишича, Open banking’нинг технологик қисми бўйича пилот лойиҳалар Марказий банкнинг Ахборотлаштириш маркази томонидан амалга оширилмоқда.
«Режага кўра, жорий йил охиригача пилот тестларни якунлаш кўзда тутилган. Бу жуда катта лойиҳа бўлгани учун 2027 йил 1 январидан уни тўлиқ ишга тушириб юбориш тўғри бўлмайди. Тизимни жорий этишда киберхавфсизлик ва фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб масалаларни ҳисобга олиш керак», — деди Марказий банк вакили.
Унинг сўзларига кўра, Open banking’ни қайси йўналишларда ва қандай кетма-кетликда жорий этиш масаласи 2026 йил якунидаги пилот синовлар натижаларига қараб белгиланади.
«2026 йил охиригача ўтказиладиган тест синовларининг якуний натижаларига асосан тизимни 2027 йил давомида қайси тартибда ва босқичма-босқич ишга тушириш белгиланади», — деди Равшан Қодиров.
Ўзбекистонда Open Banking
Open Banking — мижоз розилиги асосида унинг банклардаги молиявий маълумотларини бошқа банклар ва финтех компанияларига стандартлаштирилган API орқали узатиш имконини берувчи тизим. У турли банклар ва молиявий хизматлар ўртасидаги маълумот алмашинувини соддалаштириб, янги финтех маҳсулотлари ва хизматларини ривожлантиришга шароит яратиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда Open Banking’ни жорий этиш режалари 2025 йилда кун тартибига чиқди. Президентнинг 2025 йил ноябридаги қарорида тизимни банклар, тўлов ташкилотлари ва финтех бозори иштирокчилари ўртасида хавфсиз ва стандартлаштирилган маълумот алмашинувини таъминлаш воситаси сифатида жорий этиш вазифаси белгиланган эди.













