ЖССТ Тожикистонда аниқланган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқди ва мазкур эпидемияни иккинчи даражали фавқулодда ҳолат деб таснифлади.
Айни пайтда Тожикистонда ушбу юқумли касаллик юзасидан тўлиқ текширув олиб борилмоқда, жумладан, касалхонага ётқизиш, контактларни аниқлаш ва субмиллий даражадаги эмлашни қамраб олувчи маълумотлар кўриб чиқилмоқда. Касалликни юқтириш бўйича ҳозирги ёки аввалги ҳолатларни аниқлаштириш учун мамлакатда кузатув чоралари кучайтирилган, хусусан, атроф-муҳитдаги полиовирусни кузатиш тизими яратилган.
Ўзбекистонда полиомиелитни назорат қилиш кучайтирилди
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўзбекистонда полиомиелит ва ўткир шол фалажининг (ЎШФ) фаол эпидемиологик назоратини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди.
«Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан республикада полиомиелит касаллигининг олдини олиш ва тарқалишига қарши профилактик ва эпидемияга қарши чоралар ЖССТ тавсияларига мувофиқ амалга ошириб келинмоқда.
Республикамизда полиомиелит касаллиги учрамайди, лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар маҳаллий аҳолига юқтириши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасида полиомиелит касаллиги аниқланмоқда. Ушбу давлатлар билан иқтисодий алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг кириб-чиқиши учун шароитлар яратилган.
Ўткир паралитик фалажни назорат қилиш бўйича эпидемиологик вазиятни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятига мутахассислар сафари уюштирилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг санитария назорати пунктларида (СНП) ва даволаш-профилактика муассасаларида ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтиришни ташкил этиш ва 5 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тайёрлаш бўйича амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилди.
Сурхондарё вилояти ҳудудида ёввойи полиовируснинг 2-турининг олдини олиш ва тарқалиши олдини олиш мақсадида 10-20 март кунлари 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида оммавий эмлаш ўтказилди. Республикамиз ҳудудига четдан ёввойи полиовируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари хабардор қилиниб, полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилган маълумотда.









