– Наргиза Нусратовна, ўтган йили пандемия авжига чиққан пайтларда айнан пульмонолог шифокорлар курашнинг олд қаторларида бўлишди. Ҳозир ҳам вазият жиддийлашмоқда. Шундай пайтда ҳамкасбларингизни яна сафарбар қилиш масаласи кўриб чиқиляптими?

– Covid-19 инфекцияси республикамиз аҳолиси орасида тарқалган муаммоли вазиятда шифокорлар томонидан, шу жумладан, фтизиатр ва пульмонологларнинг кўрсатган жасоратларига бутун халқимиз гувоҳ бўлди. Мен ушбу мутахассислар номидан ваъда бериб айтаманки, давлатимиз равнақи учун ҳар қандай шароитларда ҳам шифокорлар ўзларининг бор куч-ғайратларини фақатгина халқ фаровонлиги учун йўналтирадилар.

Covid-19 инфекциясининг биринчи тўлқини даврида шифокорларимиз керакли тажрибага эга бўлдилар, ҳозирги вақтда, агарда вазият жиддийлашадиган бўлса, ушбу инфекцияга қарши курашиш тадбирларининг ташкиллаштирилишида ва етук мутахассислар жалб қилинишида, ўйлайманки, муаммолар бўлмайди. Бизнинг мутахассисларимиз ҳар қандай шароитда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга доимо тайёр турадилар.

– Сиз, биринчи навбатда, фтизиатр шифокорсиз ва асосий фаолиятингиз сил касаллигига қарши курашдан иборат. Ўтган бир йил давомида сил ва Covid-19 касаллиги аралаш келгани бўйича нечта ҳолат қайд этилди? Бундай ҳолатлар бўйича тадқиқотлар ўтказиляптими?

– 2020 йил давомида бир вақтнинг ўзида сил ва Covid-19 касалликлари билан касалланганлар умумий сил касаллиги билан оғриган беморларнинг 1,5-2,0 фоизини ташкил қилган.

Ҳозирги вақтда ушбу касалликларни ташхислаш, даволаш тадбирларини ўрганиш ҳамда замонавий даволаш усулларни ишлаб чиқиш борасидаги 2021-2023 йилларга белгиланган илмий грантлар лойиҳалари ишлаб чиқилган ва тасдиқлаш учун юқори ташкилотларга тақдим этилган.

– Сил касаллиги бўйича кўрсаткичларимиз яхшиланиб бораётгани тўғрисида маълумотлар бор. Бугунги кунда махсус шифохоналар неча фоизга банд?

– Хақиқатдан ҳам, охирги 10 йил давомида сил касаллигининг 100 000 аҳолига нисбатан касалланиш кўрсаткичи бир меъёрда камайиб бормоқда. Бу ҳолат – президент қарорлари билан тасдиқланган дастурларнинг тўлақонли бажарилиши, ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда сил касаллигининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш борасидаги замонавий, замон талабига жавоб берадиган янги усулларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш натижасидир.

Айниқса, сил касаллигининг енгил турлари, сил микобактериясини ажратмайдиган тури билан касалланган беморлар амбулатор даволашга ўтказилиши натижасида фтизиатрия тизимидаги ташкиллаштирилган ўринлар босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида кенг тарқалган ўпканинг носпецифик турлари билан касалланган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам такомиллаштириш мақсадида ҳудудлардаги фтизиатрия йўналиши бўйича бош муассасаларимизда сил бўлимлари ўрнига ташхислаш ва пульмонология бўлимлари ташкил этилмоқда.