PISA халқаро баҳолаш дастури ўқувчиларнинг математик билимларинигина эмас, уларни амалий вазиятларда қўллаш қобилиятини ҳам текширади.

Naked Science нашри Eurostat маълумотларига таяниб ёзишича, 2018 йил билан таққослаганда Европанинг деярли барча мамлакатларида математикадан паст натижа кўрсатган ўқувчилар улуши ошган.

Жумладан, Шимолий Македонияда базавий даражага етмаганлар улуши 61 фоиздан 68 фоизга кўтарилган. Болгария, Кипр, Черногория, Сербия ва Руминияда ҳам ўқувчиларнинг ярмидан кўпи мазкур даражага ета олмаган.

Келтирилган таққослашда энг яхши кўрсаткич Эстонияда қайд этилган: математик саводхонлиги базавий даражадан паст бўлган ўқувчилар улуши 17,2 фоизни ташкил қилган. Бироқ бу мамлакатда ҳам натижа ёмонлашган — 2018 йилда кўрсаткич 10,2 фоиз эди.

Швейцарияда базавий даражага етмаган ўқувчилар улуши 23,2 фоиз, Ирландияда эса 24,2 фоиз бўлган.

Туркия таққослашга киритилган мамлакатлар орасида ушбу кўрсаткич бироз яхшиланган ягона давлат бўлган. У ерда паст натижа кўрсатган ўқувчилар улуши 2018 йилдаги 36,6 фоиздан 2025 йилда 35,7 фоизга тушган.

Энг кескин ёмонлашув Норвегияда кузатилган. Мамлакатда математикадан базавий даражага етмаганлар улуши 18,9 фоиздан 38 фоизга кўтарилиб, қарийб икки баравар ошган. Кипр, Словения ва Исландияда ҳам сезиларли пасайиш қайд этилган.

PISA математик саводхонликни олтита асосий даража бўйича баҳолайди. Иккинчи даража базавий ҳисобланади: унга етган ўқувчи замонавий жамиятда яшаш ва ишлаш учун зарур бўлган энг кам математик кўникмаларга эга деб қаралади.

Базавий даражага етмаслик ўқувчи математикани умуман билмайди дегани эмас. Бу унинг билимларини амалий масалаларни ечишда қўллаш кўникмаси белгиланган минимал мезонга етмаганини англатади.