Шунингдек, ташриф доирасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси», Ирригация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлардир.

Маросимда икки мамлакат вазирликлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатларни алмашдилар.

Ташриф доирасида Ўзбекистонда Дебрецен университетининг таълим дастурларини амалга ошириш тўғрисидаги битим ҳам имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Венгрия билан муносабатлар фаол ривожланиб, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилганини таъкидлади.

«Бугун очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишларини атрофлича муҳокама қилдик. Биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратдик. Сўнгги тўрт йилда товар айирбошлаш деярли уч баробарга ўсган. Бу кўрсаткични келгусида бир неча баробарга ошириш ниятидамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун икки мамлакат бозорларига маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани айтилди.