Жаҳон | 09:00 / 01.04.2021
8413
2 дақиқада ўқилади

Сувайш канали маъмурияти “Эвер Гивен” билан боғлиқ зарарни 1 миллиард долларга баҳолади  

Сувайш каналининг “Эвер Гивен” кемаси билан тўсилишидан канал маъмурияти кўрган зарар 1 млрд долларга яқинни ташкил қилади. Бу ҳақда канал маъмурияти раҳбари Усома Роби маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, ҳодиса тергови камида бир ҳафта вақт олади. Тергов якунланмагунча “Эвер Гивен” канални тарк этмайди. 

“Биз кўрилган зарарни, воқеанинг биринчи кунидан қўлланган воситалар, буксирлар ва бошқа техникага сарфланган харажатларни ҳисоб-китоб қилиб чиқамиз, бу анчагина маблағни ташкил қилади”, деб айтган Роби Sada el-Balad телеканали эфирида. 

Унинг айтишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кўрилган зарар 1 млрд долларга яқинни ташкил қилади.   

Allianz суғурта компанияси каналнинг бир ҳафта давомида тўсилишидан жаҳон савдоси кўрган зарарни 6-10 млрд долларга баҳолаган. The Loadstar маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида канал олдида туриб қолган кемаларнинг операцион харажатлари контейнер ташувчи кемалар учун кунига 3,25 млн долларни, танкерлар учун 500 минг долларни ташкил қилган.  

Сувайш канали 23 март куни “Эвер Гивен” кемасининг саёзликка ўтириб қолиши оқибатида тўсиб қўйилганди. 29 март куни кемани саёзликдан олишга ва каналда ҳаракатни тиклашга муваффақ бўлинган. Экспертларнинг баҳолашича, канал бу вақт ичида ҳар куни 12-14 млн доллар зарар кўрган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид