Томорқа хўжалиги шахсий ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини оила эҳтиёжлари ва эркин савдо учун етиштирадиган фаолият тури бўлиб, тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди. Шунингдек, томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди.

Қонунга кўра, эндиликда томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.

Ушбу қонун билан томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Томорқа хўжалигидаги фаолият шахсий томорқа ер участкаси эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.

Майдони камида 0,04 гектар бўлган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида эллик бош парранда боқаётган шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқ тўлаши мумкин.

Бунда, шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқни ихтиёрий асосда тўлайди. Ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш чоғида бир календар йили деб ҳисобга олинади. Ижтимоий солиқни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.

Томорқа хўжалигини юритишда томорқа ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш, маиший ва бошқа бинолар, шунингдек транспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техникаси, ашёлар, асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, асаларилар, паррандалар, ипак қурти (пилла) ва бошқа мол-мулкдан фойдаланилиши мумкин.

Шунингдек, қонунда шахсий томорқа ер участкасига қандай ерлар киритилиши айтилган. Унга кўра, шахсий томорқа ер участкаси томорқа хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёхуд якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш мақсадида ажратилган ер участкаси ҳисобланади.

Томорқа хўжалигини юритиш учун:

  • эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ушбу қонун кучга киргунига қадар мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди ерлари ҳамда аҳоли пунктлари ерларидан берилган ер участкаларидан;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларидан фойдаланилиши мумкин.