"Ақлли" ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жадал давом этаётганидан келиб чиқиб, "Hududgazta’minot" АЖ томонидан илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан шуғулланган инспектор лавозими бекор қилинмоқда. Бу ҳақда "Hududgazta’minot" АЖ матбуот хизмати хабар берди.

2020 йилда "Hududgazta’minot" АЖ томонидан табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими (ГНҲАТ/АСКУГ) лойиҳаси амалга ошириш бошланди ҳамда унинг доирасида истеъмолчиларнинг барча тоифалари учун истеъмол қилинган табиий газ учун кўрсаткичларни реал вақт режимида марказга узатувчи "ақлли" газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. 

Айни вақтда газни ҳисобга олиш қурилмалари истеъмол кўрсаткичи ва дебиторлик қарзи юқори бўлган ҳамда газ тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш зарурати мавжуд бўлган 77та шаҳар/туманларда ўрнатилмоқда. ГНҲАТ лойиҳасини амалга ошириш Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Қибрай туманларида, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида, Навоий вилоятининг Кармана туманида тўлиқ якунланди. Бутун мамлакат бўйлаб 991 мингдан зиёд янги "ақлли" газ ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди ва уларда қайд этилаётган маълумотлар автоматик равишда "BillingGaz" тизимига юборилмоқда. 

"Ақлли" ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жадал давом этаётганидан келиб чиқиб, "Hududgazta’minot" АЖ томонидан илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан шуғулланган инспектор лавозими бекор қилинди. Қабул қилинган қарор газ етказиб берувчи ва абонент ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабатларни ўрнатиш, шунингдек, ГНҲАТ тизимига уланмаган ҳамда аввал ўрнатилган газ ҳисоблагичларидан табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни "BillingGaz" тизимига киритишда инсон омилини қисқартиришга имкон беради”, дейилади маълумотда.

"Hududgazta’minot" АЖ "сотувчи ва харидор" муносабатларидаги янги шартларга мувофиқ ҳамда абонент ва табиий газ етказиб берувчиси ўртасидаги амалдаги келишувга биноан, истеъмол қилинган "зангори ёқилғи" учун тўловларни ҳар ойнинг 10-кунигача амалга ошириш кераклигини эслатган. 

Етказиб берилган табиий газ учун тўлов шартномада белгиланган муддатларда, ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи етказиб берувчига газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ, тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда, 0,1 фоиз миқдоридаги пеня тўлайди. 

“Фурсатдан фойдаланиб, "Hududgazta’minot" АЖ истеъмолчилардан хонадонларига ўзларини газ таъминоти ташкилотларининг инспектори сифатида таништириб келган шахслар билан алоқага киришмаслик ва уларга ГНҲАТ тизимига уланмаган газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни тақдим этмасликни, шунингдек, тўловларни мобил телефон орқали электрон тизимлар ёки банк кассаларига мурожаат қилган ҳолда амалга оширишни сўрайди. Яқин кунларда истеъмолчилар ГНҲАТ тизимига уланмаган, истеъмолдаги газ ҳисоблагичларининг кўрсаткичларини юборишлари учун махсус "Телеграм" бот ҳамда илова ишга туширилади. Барча савол ва таклифлар юзасидан, 1104, 71 2000804, 71 2021104 телефон рақамлари орқали ёки "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари" гуруҳига мурожаат этинг”, дейилган хабарда.