Самарқандда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирокида ўтган C5+1 учрашувларида ҳам критик минераллар таъминотини диверсификация қилиш, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳим ўрин тутди.

Ўзбекистон учун бу мулоқотлар минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва мамлакатимизнинг халқаро саноат занжирларидаги иштирокини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз вольфрам, молибден, литий, графит, германий каби муҳим минерал ресурсларга ҳамда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ лойиҳани қамраб олган портфелга эга.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу салоҳиятни юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтиришга қаратилган. Хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш бу борадаги устувор вазифалардандир.

Ўзбекистон технологик металлар комбинати (TMK) мазкур йўналишларда халқаро компаниялар ва молия институтлари билан амалий музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, АҚШнинг DFC корпорацияси билан 4 миллиард 200 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Metallica Commodities компанияси билан умумий қиймати 1 миллиард 27 миллион доллар бўлган 5 та лойиҳани биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда. Vast Resources билан эса 29 миллион 400 минг долларлик 6 та лойиҳа бўйича ҳамкорлик имкониятлари ўрганилмоқда.

Самарқанддаги C5+1 учрашувлари доирасида ТМК 25 дан ортиқ хорижий компания ва ташкилот билан ҳамкорлик масалаларини кун тартибига киритди.
Ушбу учрашувларда муҳокама қилинган йўналишлардан бири саноат чиқиндиларидан қимматли минерал ва металларни ажратиб олиш бўлди. Бу ёндашув чиқиндилар таркибидаги фойдали компонентларни қайтадан иқтисодий айланмага киритишни назарда тутади.
ТМК Metallica Commodities компаниясига “Келажак металлари технопарки” ҳудудида ана шундай технология асосида қўшма лойиҳа ташкил этишни таклиф қилди. Шунингдек, компания технологиясини комбинатнинг ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлашда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.















