Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда юк машинаси бориб урган «Lacetti» пастликка қулади. Бир киши ҳалок бўлди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида учта машина иштирокида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Оқибатда бир киши вафот этган, яна икки киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 апрель куни соат 14:30ларда М39 Алмати–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидан ўтувчи 996-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.
Навоий вилояти Навбаҳор туманида яшовчи 1977 йилда туғилган ҳайдовчи ўз бошқарувидаги «KMC» юк машинасида, бироз олдинда ҳаракатланаётган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «Lacetti» машинасининг орқа томонидан бориб урган. Оғир зарба олган «Lacetti» йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган.
Шундан сўнг «Lacetti» Тошкент–Термиз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги ВАЗ 2106 машинаси билан ўзаро тўқнашган ва пастликка қулаган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида бир киши вафот этган. 2 нафар фуқаро эса турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Суриштирувларда аниқланишича, «KMC» русумли юк машинаси ҳайдовчиси оғир юк ортганини инобатга олмаган ва пастликка тушишда эътиборсизлик қилган. Тажрибасизлик қилиб юк машинасининг узатмалар қутисини меъёрда ушлаб тура олмаган. Кескин тўхтатишга уринганда тормоз тизими ишдан чиққан, сўнг «Lacetti»га бориб урилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.