Жаҳон | 00:01 / 09.04.2021
6091
2 дақиқада ўқилади

Уҳанда карантин бекор қилинганининг бир йиллиги нишонланди

2019 йил охирида коронавирус инфекцияси илк бор қайд қилинган Уҳан шаҳри аҳолиси 8 апрелда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳарда киритилган қатъий чекловлар бекор қилинганининг бир йиллигини нишонлади.

Фото: instagram.com / @kyunami82

Хитойнинг 11 млн кишилик шаҳри 2020 йилнинг 23 январидан 8 апрелигача – деярли 80 кун давомида ташқи дунёдан тўлиқ узиб қўйилганди. Маълумки, бунга шаҳарда кейинчалик дунё миқёсидаги эпидемия - пандемияга айланиб кетган коронавирус тарқалиши сабаб бўлган.

Маҳаллий аҳоли ташқи дунёдан яккаланиб, шаҳарда транспорт ҳаракати тўхтатилганди ва аҳолининг ўта заруратсиз уйдан чиқиши тақиқлаб қўйилганди. Ўз уйларида “қамалда қолган” аҳолига егулик ва дори-дармонни курьерлар етказиб берган. Шифокорлар ҳар бир касалланган бемор ортидан синчков кузатув олиб борган.

 Шаҳарда киритилган локдаун 76 кун давом этган ва Уҳан раҳбарияти 2020 йил 8 апрелда ташқи дунё билан транспорт алоқаси секин-аста тикланишини эълон қилганди. Шаҳарда яна бир ой давомида коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд қилиб турилган, бироқ 18 май куни шаҳарда бирорта ҳам касалланиш ҳолати аниқланмаган.

 Уҳан локдаун бекор қилингандан кўп ўтмай, деярли аввалги ҳаёт тарзига қайтган. Шаҳарда бозорлар, кинотеатрлар, боғлар, кутубхоналар очилган, оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат берилган.

 Экспертлар ва маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, шаҳар бир йилдан кейин ўзини ўнглаб, аввалгидан кўра жадалроқ суръатлар билан ривожланмоқда.

 Хитой раиси Си Цзиньпин Уҳанга 2020 йил 10 мартидаги ташрифи вақтида “қаҳрамон шаҳарнинг қаҳрамон халқи албатта коронавирусни енгишини, ўзини тиклаб, янги даврда янада кўпроқ ютуқларга эришишини” айтганди. 

 “Уҳанликлар локдаун бекор қилингандан бир йил ўтиб, шаҳар нафақат хавфсизроққа айланганини, балки улар янада жипслашганлари, кўпроқ табассум қила бошлаганлари ва тиббий ходимларга ҳурматлари ошганини айтишмоқда. Улар, шунингдек, соғлиқ ва оилага кўпроқ эътибор бера бошладилар, оилалари билан таътилларда кўпроқ вақт ўтказмоқдалар”, деб таъкидламоқда Global Times нашри.

Мавзуга оид