Энергетика вазирлиги ушбу қурилиш объекти ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли «Химия» подстанциясига журналистлар учун пресс-тур ташкил қилди.

2019 йилнинг ноябрь ойида Masdar компанияси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида давлат хусусий шерикчилик асосида мамлакатдаги биринчи қуёш электростанциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш ва қуриш мақсадида, «Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги келишув» ва «Инвестицион келишув» битимлари имзоланган.
Мазкур инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 110 миллион долларга баҳоланган ва Masdar компанияси томонидан юз фоиз тўғридан тўғри молиялаштирилади.
Бугунги кунда пудратчи корхона – Хитой Халқ Республикасининг «SEPKO III» LTD компанияси объектда технологик ускуналар, панеллар, инвертор ва трансформаторларни ўрнатиш ишларини олиб бормоқда.



Мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган биринчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланади ва у сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштириляпти.
Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоевга кўра, фотоэлектр станциясининг ишга туширилиши натижасида йилига 260 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда 79 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.
100 МВт электр энергияси ўртача 5 та туманнинг эҳтиёжини қоплайди. Аммо бу мазкур қувватдаги электр энергия Навоий вилоятининг 5 та туманига йўналтирилади дегани эмас. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергия республиканинг барча ҳудудларини ўзаро боғловчи юқори кучланишли тармоқларига узатилади.

«Навоий вилоятида 2024 йил якунига қадар умумий қуввати 800 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. Ушбу станцияларнинг ишга туширилиши натижасида йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 762 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.













