Ўзбекистон | 15:29 / 10.04.2021
18078
2 дақиқада ўқилади

«Орқасида ким турса ҳам, айбдорлар жазоланиши керак» — Комил Алламжонов Термизда ўқувчининг зўрланиши жазосиз қолаётгани ҳақида

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Термизда вояга етмаган қизнинг номусига тегилгани, аммо бир йилдан буён жиноят иши очилмаганига муносабат билдирди.

«Термиз шаҳар ИИБ охирги пайтда «трендда» – оғиздан тушмай қолди. ИИВ ушбу масалани ўз назоратига олиши керак.

Термиз шаҳар ИИБ раҳбари ва унинг ходимлари фаолияти устидан хизмат текшируви ўтказилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши, орқасида ким турса ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, айбдорлар жазоланиши ҳамда мазкур ҳолат юзасидан матбуотда ҳисобот берилиши зарур», – дея ёзди Алламжонов Telegram-каналида.

Кеча, 9 апрел куни сенатор Фарҳод Боқиев баёнот бериб айтгандики, Термиз шаҳрида 16 ёшли қизнинг номусига тегилган, унинг ота-онаси шаҳар ИИБга мурожаат қилганига қарамай, орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилмаган.

Қизнинг яқинларига кўра, иш бости-бости қилинганига сабаб – гумондорнинг Термиз шаҳар ИИО ФМБда ишлайдиган дўстлари бор.

10 апрел куни Ички ишлар вазирлиги баёнот бериб, Термиз шаҳар ИИБ ходимларининг хизмат мавқейини суиистеъмол қилаётганликлари тўғрисида сенатор билдирган маълумотларни ўрганиш бўйича вазирлик ишчи гуруҳи томонидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди.

Мавзуга оид