Иқтисодий тадқиқотчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон иқтисодиётидаги бугунги жараён, хусусан, иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилаётган айрим омиллар ҳақида гапирди.
Инфляция 11 фоиз деб айтиляпти, унда нега банк ставкалари 25 фоиз?
Мутахассиснинг айтишича, ташқаридан қараганда республика иқтисодий блоки ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эмаслиги кўринади. Чунки улар олдинга сураётган иқтисодий сиёсат қарама-қарши йўналишларга эга ва бу тескари натижаларга олиб келиши мумкин.
«Марказий банк бугунги кунда инфляция даражасини тушириш биз учун энг муҳим масаладир, деб айтяпти. Кечирасиз, унда иқтисодни ривожлантириш кимнинг масаласи?
Агар Марказий банк кредит даражасини белгилайдиган асосий орган бўлса, тадбиркор кредит оламан деб банкка борса-ю, у ерда ставкани 25–28 фоиз деб турса, қайси тадбиркор қарз олиб, уни 2 ёки 5 йил ишлатиб, яна 2–3 баробар қилиб қайтиб беради. Бундай бизнеснинг ўзи йўқ. Бунда самарадорлик бўлмайди. Чунки инфляция 11 фоиз деб айтиляпти, унда нега банк ставкалари 25 фоиз? Нега Марказий банк тижорат банкларига кўп йилларга мўлжалланган «узун сўмлар»ни бермайди? Нега бизнинг банклар ана шу «узун пуллар»ни топиш учун чет эл капитал бозори ва банклардан кредитлар олиши керак? Бу пуллар барибир иқтисодиётга киряпти қарз сифатида. Нега у пуллардан Марказий банк қўрқмайди-ю, ўзи бериши мумкин бўлган узоқ муддатли кредитлардан қўрқади?
Мен айтмоқчи бўлган фикр, бугунги кунда бизнинг иқтисодиётимизни асосий ушлаб турган нарса, иқтисодий блок (Марказий банк, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари) ўртасида иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни кўрмаяпмиз.
Биттаси инфляцияни пасайтираман деса, бошқаси қурилишга кредит берайлик деяпти. Қурилишга катта-катта миқдорда пул бериш, ипотекани ривожлантириш – бу қўшимча эмиссия ёки қарз олиш билан баробар. Демак, бунинг барибир инфляцияга таъсири бор.
Инфляцияни камайтириш, бу фақатгина умумий пул массасини камайтириш дегани эмас. Умумий талаб билан таклиф ўртасидаги мувозанат ушлаб турилсагина инфляция камаяди», – деди молиячи.
Бугунги энг муҳим масала – мамлакатни иқтисодий ривожлантириш
Абдулла Абдуқодиров бугунги кунда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш энг муҳим масала эканини таъкидлаб ўтди.
«Айрим йўналишларга қарз эвазига маблағ йўналтириш, дунё капитал бозоридан ва чет эл молиявий институтларидан катта миқдорларда қарзлар олиб, уларни иқтисодиётга йўналтириш инфляцияга ўз таъсирини ўтказиши табиий.
















