Ўзбекистон | 09:57 / 13.04.2021
2481
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда сохта муҳр ва ҳужжатлар билан фирибгарлик қилиб келган шахс ушланди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида тадбиркорлардан бирига тегишли бўлган муҳр ва ҳужжатларни сохталаштириб фирибгарлик қилиб юрган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 27 март куни Сариосиё тумани ИИБ тергов бўлинмасига туманнинг Феруз маҳалласида яшовчи, МЧЖ раҳбари Н.Э. ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида шу туманнинг Бўстон маҳалласида яшовчи, К.У. МЧЖга тегишли бўлган думалоқ муҳрнинг (дубликат) нусхасини ясатиб олиб, фирибгарлик қилиб корхонага катта миқдорда зарар етказганини маълум қилган.

Суриштирувларда аниқланишича, К.У. 2018 йил 6 март куни сохта муҳр ёрдамида ўзини Н.Э. га тегишли МЧЖнинг янги раҳбари сифатида буйруқ чиқарган. 2019 йил 4 феврал кунидаги тегишли баённомаси асосида МЧЖни Давлат хизматлари агентлигидан қайта рўйхатдан ўтказган. Сўнг, Н.Э.нинг имзоларини қалбакилаштириб, қалбаки шартномалар тузиб, юк хати, счёт-фактуралар имзоларини қалбакилаштириб, ноқонуний шартномалар тузган.

МЧЖга тегишли бўлган товуқхона биноси ҳамда 118 гектар ер майдонини бошқа бир масъулияти чекланган жамиятга 5 миллиард сўмга сотиб юборган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар юзасидан 4 апрел куни К.У.га нисбатан жиноят кодексининг 228-моддаси 1-3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид