Ўзбекистон | 10:41 / 16.04.2021
15450
2 дақиқада ўқилади

Шаҳидлар хотираси мажмуасида бошланган қурилиш ишлари юзасидан изоҳ берилди

Қурилиш вазирлиги Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида нималар қурилиши тўғрисида маълумот берди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мажмуа ўраб олингани тўғрисида хабар ва фотосуратлар тарқалган эди.

Маълум қилинишича, жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. 

Қурилиш вазирлигига кўра, у ерда:

  • қатағон қурбонларининг номлари акс этган рамзий китоб барпо этилади;
  • рамзий ротонда реконструкция қилинади;
  • музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилади;
  • аҳоли учун маиший хизмат бинолари, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари қурилади;
  • очиқ амфитеатр ва “Wi-Fi” ҳудудлари барпо этилади.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йил июл ойида ҳукумат қарори асосида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси ташкил этилди. 2000 йил 12 май куни Тошкентнинг Юнусобод туманида барпо этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси очилди. 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги президент фармони асосида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилди. Музей 2002 йил 31 августда – мамлакатда илк бор нишонланган “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”да тантанали равишда очилди.

Мавзуга оид