– Президент томонидан имзоланган қарорга кўра, Жаслиқдаги колония аллақачон ёпилиши, унинг ўрнида қамоқхона бўлмаслиги айтилган эди. Лекин кейинги хабарларга кўра, ушбу муассаса тўлиқ ёпилмаган ва бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиняпти. Балки бу ерда умрбод озодликдан маҳрум этилган шахслар сақланаётган экан. Аммо ИИВ бу борада сукут сақламоқда, расман баёнот бергани йўқ.
– Бу масала бир неча йиллар давомида муаммоларни яширишга ўрганиб қолганимиз билан боғлиқ. Муаммони кўмиб қўйганингиз билан у тупроқ тагида янада ниш отиб кетади. Шубҳасиз, президентимиз ташаббуси билан Жаслиқ ёпилиши жуда катта ҳодиса бўлганди. Лекин масаланинг иккинчи томонига эътибор бериш керак.

Президент тез орада ёпамиз, деди, лекин мавжуд шароит бунга тайёр эмасди. Чунки Жаслиқда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар бор эди. Уларни тўғри келган қамоқхонага кўчириб бўлмасди, чунки бундай маҳкумлар учун шароитлар сал бошқачароқ бўлиши керак. Бу борада дунё стандартлари бошқача. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар алоҳида зонада сақланиши керак. Президент Жаслиқ ёпилишини эълон қилган вақтда бу зоналар ҳали тайёр эмасди.
Президентга ҳаммаси ҳал бўлди, муаммо бўлмайди, деб ҳисобот берилган бўлиши мумкин. Лекин у ерда сақланаётган маҳбусларнинг қариндошлари бор, улар доим учрашувларда бўлади. Бир неча маҳбусларнинг яқинлари бизга мурожаат қилди. Жаслиқ ҳали тўлиқ ёпилмаганини, у ерда юзга яқин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар сақланаётгани ҳақидаги хабарни чиқаришга шошилганимиз йўқ, суриштирдик, сўрадик.

Жазони ижро этиш тизимига яқин манбаларимиз орқали Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларни сақлаш бўйича дунё стандартларига мос келувчи замонавий қамоқхона қурилаётгани ҳақида маълумотлар олдик. Шу қамоқхона битса, ҳозир Жаслиқда олиб қолинган маҳкумлар у ерга кўчириларкан. Бу – нормал ҳолат. Лекин буни яшириб ўтириш ёки бундан қандайдир уят ҳис қилиш, “ўша пайтда ёпилди деб қўйгандик, тўлиқ ёпилмагани ошкор бўлса, ёлғончига чиқиб қоламиз”, деб ҳадиксираш нотўғри.







