Нима воқеа юз берди?
2020 йил январь ойида Ҳазорасп туманидаги 4та фермер хўжалиги – «Садоқат Сарвара», «Азиза Чаросхон», «Шерзод Аминбой Алишер Азизбек», «Жавохир Мохинур Чарос» ерлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинади. Ҳокимликнинг бу ҳақдаги қарори фермерлар томонидан «ёзилган» сўровномаларга асосланади.
Жумладан, «Садоқат Сарвара» фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Ганжаев, «Азиза Чаросхон» фермер хўжалиги раҳбари Давронбек Хусинов, «Шерзод Аминбой Алишер Азизбек» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Саидназаров, «Жавохир Мохинур Чарос» фермер хўжалиги раҳбари Акбар Бабаев шундай сўровнома билан ҳокимликка «мурожаат қилишган». Ушбу ҳужжатлар асосида туман ҳокимлигининг ерларни захирага қайтариш ҳақидаги қарори қабул қилинган ва фермер хўжаликлари фаолияти тугатилган.
Аслида фермер хўжаликлари раҳбарлари ерларни қайтариш ҳақида ҳеч қандай сўровнома ёзишмаган. Улар ҳатто ердан маҳрум қилинаётгани ва фаолияти тугатиб юборилаётганидан бехабар бўлишган.
Тергов жиноят содир қилинганини тасдиқлади
Фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳеч қандай сўровнома ёзмагани ва ноқонуний тарзда ердан маҳрум қилингани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишади.
2020 йил август ойида Ҳазорасп тумани ИИБ ўтказган терговда туман ҳокимлигидаги «номаълум шахс» томонидан фермерларнинг сўровномалари ва имзолари сохталаштирилгани тасдиқланган. Ушбу шахс Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми, 2-қисми «а» банди ва 3-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилгани аниқланган ва жиноят иши қўзғатилган.
Ҳазорасп тумани ИИБ туман ҳокимлигининг айрим масъул ходимлари томонидан жиноят содир этилишига шарт-шароит яратилганини ҳам қайд қилади.
Жумладан, «фермер хўжалиги раҳбарлари ерларнинг туман захирасига қайтарилаётгани ҳақида огоҳлантирилмаган. Бундан ташқари, фермер хўжалиги раҳбарлари нима сабабдан ерларни қайтариб олиш ҳақида сўровнома ёзгани муҳокама қилинмаган. Ерлар туман захирасига қайтарилиб, танловга қўйилмасдан бошқа шахсларга бериб юборилган».
2020 йил сентябрь ойида Ҳазорасп туман ИИБ аниқланган қонунбузарликларни бартараф қилиш, туман ҳокимлигининг масъул ходимларига нисбатан кескин чоралар кўришни, шунингдек, фермерларнинг ерларини туман захирасига қайтариш ҳақидаги қарорларни бекор қилишни ва ерларни фермерларга қайтариб беришни сўраб тақдимнома киритади.










