Бу ҳудудга ҳарбийлар жойлаштирилиши Россия ва Украина чегарасида юзага келган кескинлик фонида кузатилмоқда, бу ерга сўнгги ҳафта давомида каттагина қўшин олиб келинган. Вазият Ғарб давлатларида ташвиш уйғотмоқда - хусусан, АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО Россияни ҳудуддаги ҳарбий кучларини оширишни тўхтатишга чақирган.

Кемалар ва ҳарбийларни кўчириш бўйича сўнгги ҳаракатлар Россия мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган. Вазирлик буни режалаштирилган ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказилиши билан изоҳлаган.

Сешанба куни тонгда Россия 20 апрелдан 24 апрелгача Қрим ва Қора денгиз ҳудудининг бир қисми устидан парвоз қилиш чекланишини маълум қилди. Бу ҳудуд самолётлар парвози учун хавфли экани билан изоҳланди. Бундай чоралар одатда ҳарбийлар хатолик билан фуқаролик самолётларини уриб туширмаслиги учун ўқув машғулотлари чоғида ҳам қабул қилинади.

Экспертлар ҳозирги машғулотлар аннексия қилинган Қримда советлардан кейинги даврда ўтказилаётган энг йирик машғулотлар эканини айтишмоқда. Улар Қримда жамланган ҳарбий гуруҳлар Украинага қарши қўлланишини эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблашмоқда, аммо Москва ўз ҳаракатлари билан Киевга сиёсий сигнал юбораётганини истисно қилишмаяпти.

Қрим яримороли Россия томонидан 2014 йил баҳорида эгаллаб олинганди. Шундан сўнг Ғарб мамлакатлари Россияга қарши санкциялар жорий этган, Украина яриморолни қайтариб олиш ниятидан қайтмай келади.

Россия самолётлари пастроқдан туриб кемаларга ҳужум қилишни машқ қилмоқда
Душанба куни Россия Жанубий ҳарбий округи матбуот хизмати Қримда авиация машғулотлари ўтказилаётгани ва унга ҳарбий-космик кучлар авиацияси, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва Қора денгиз флотининг 50та самолёти жалб этилгани ҳақида хабар қилди. Машғулотларда қирувчи самолётлар, бомбардимончилар ва штурмовиклар иштирок этган.

SERGEI MALGAVKO/TASS

Хабарда аниқлик киритилишича, самолётлар ракеталар учириш ва денгиздаги нишонларни бомбалаш, мураккаб об-ҳаво шароитларида парвозларни амалга ошириш ҳамда сув устида паст баландликда парвоз қилиш каби машқларни амалга оширишган.

Шунингдек, учувчилар кемаларнинг зарбдор гуруҳларига ҳамроҳлик қилиш ҳамда «Қора денгиз сувларида хавфсизликни таъминлаш пайтида разведка гуруҳлари» таркибида ҳаракатланишни ўрганишган.