Қозоғистоннинг биринчи президенти, Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси Нурсултан Назарбоев ассамблеянинг умрбод раислигидан воз кечди. У халқ ассамблеяси раиси ваколатларини мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди.

"Барча масалалар битта қўлда бўлиши лозим. Мен Қозоғистон халқ ассамблеясини бошқариш ҳуқуқини Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширдим", - деди Назарбоев ассамблеянинг XXIX сессиясида қилган чиқишида.

Қозоғистон халқ ассамблеяси 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, у давлат раҳбари ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади.

Ассамблеяга ташкил этилганидан бошлаб Нурсултон Назарбоев раҳбарлик қилиб келган.