Сўнгги ойларда жаҳон бозорида озиқ-овқат нархлари тобора кўтарилиб бормоқда. Бу эса импорт маҳсулотларига юқори даражада боғлиқ бўлган мамлакатларда ички нархлар барқарорлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Марказий банк эълон қилган «2021 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да Ўзбекистон ҳам гўшт, ёғ, дон, картошка ва шакар маҳсулотларини импорт қиладиган давлатлар сирасига кириши ва жаҳон бозорида ушбу товарлар нархларининг ўзгаришига юқори сезувчан ҳисобланиши келтирилади.
Ёғ маҳсулотлари ўсиши
Жаҳон бозорида ёғ маҳсулотлари нархи жорий йилнинг I чорагида йил бошига нисбатан 21,4 фоизга қимматлашди.
АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) прогнозларига кўра, 2021 йилда кунгабоқар уруғини етиштириш 9,3 фоизга, захиралари эса 38,6 фоизга, мос равишда, кунгабоқар ёғини ишлаб чиқариш 43,1 фоизга ва захиралари 9,9 фоизга камроқ бўлиши кутилмоқда.
Ўсимлик ёғларидан палма ва рапса ёғларининг сезиларли қимматлаши ўтган мавсумда ҳосилнинг кам бўлгани, шунингдек, асосий экспортёр давлатларда захиралар камайиб бораётгани (палма ёғининг 10 фоизга ва рапса ёғининг 26 фоизга камайиши) билан изоҳланади.
Шунингдек, биодизель сектори томонидан сояга фаол талаб мавжудлиги шароитида жаҳон бозорида соя нархига қўшимча оширувчи босимни вужудга келтирмоқда.
Кунгабоқар ёғининг қимматлашиб боришига 2021 йил учун ишлаб чиқариш ҳажмларининг пасайиши бўйича прогнозлар (ўтган йилга нисбатан 10,6 фоиз), шунингдек, Европа Иттифоқи, Туркия, Украина ва Россия томонидан экспортнинг камайиб бориши асосий сабаблардан ҳисобланади.
Гўшт маҳсулотлари
Жаҳон бозорида гўшт маҳсулотлари нархлари март ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 фоизга пасайди. Бироқ сўнгги 6 ой давомида ушбу маҳсулот нархларида ўсиш кузатилмоқда.
2021 йилнинг I чорагида гўшт маҳсулотлари ўсиши 4,3 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг I чорак якунлари бўйича мол гўшти нархлари асосий савдо ҳамкорларимиз Россияда 2,9 фоизга, Қозоғистонда 1,2 фоизга, Қирғизистонда 5,1 фоизга ўсди.
АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) маълумотларига кўра, дунёда жами гўшт ишлаб чиқариш 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 2 фоизга камайди ва 257,9 млн тоннани ташкил этди.





