Мактаблар таъмири учун 37 триллион сўмга яқин маблағ зарур. ХТВ инвестиция дастурининг йиллик қиймати эса йилига 2 трлн сўм атрофида.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳукумат соатида шу ҳақда сўз юритди.
«Нега 70 фоиз мактаблар икки сменада ишлайди, деган савол кўп берилади. Албатта, бунинг сабаблари бир нечта.
Биринчидан, cобиқ иттифоқ мамлакатлари аҳолисининг ўсиш динамикасини солиштирсак, энг кўп аҳоли ўсиши Ўзбекистонга тўғри келади. Табиийки, аҳоли сони ўсиши мактаблар кўпайишига олиб келиши керак.
Масалан, Россия ё Украинада сўнгги 30 йилда аҳоли сони камайган, бу мамлакатларда СССР даврида қурилган инфратузилма ҳам етарли бўлиши мумкин.

Иккинчидан, 9 йиллик таълимга ўтилганда асосий эътибор лицей-коллежларга қаратилган эди. 2010-2017 йилларда 1,5 мингдан ортиқ лицей-коллеж қурилган. Мактабларга етарлича эътибор берилмади.
11 йиллик таълимга қайтилгач, 400га яқин лицей-коллеж мактабга айлантирилди. Ҳаммасиям қайтарилмаслигига сабаб – баъзилари мактаб учун қулай жойда жойлашмаган, қолаверса, айримларида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилди.
Қолаверса, 10 йил давомида жуда кўп мактаб бинолари бошқа идораларга фойдаланишга бериб юборилган.

1991 йилда ўқувчилар сони мактаблар қувватига нисбатан кам бўлган. Ҳозирги кунда эса ўқувчилар сони мактаблар қувватига нисбатан 1 миллионга кўп. Шу сабабли ҳам мактабларнинг аксарияти икки сменада ишлайди. Ҳаммасини бир сменали қилиш учун жуда катта ресурс талаб қилинади.
Бу ҳозирги бўлаётган муҳокама ўз вақтида бўляпти, негаки келгуси йилларга прогнозларимизга кўра, орадаги фарқ катталашиб бораверади. Ўқувчи ўрни ва ўқувчи сони ўртасидаги фарқ 2025 йилга келиб 2 миллионга чиқиши мумкин. Бу дегани мактаблар сиғими борасида қийин аҳволга тушиб қолишимиз мумкин.

Шу билан бирга, 2018-2020 йилларда инвестиция дастурлари боис ўзгаришлар бўлди. Бу даврда мактаблар учун ажратилган маблағларни 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирсак, исталган ҳудудда 3-4 баравар ошганини кўрамиз. Чунки инвестициядан ташқари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида, шунингдек ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджетдан, ҳомийлар томонидан ўзи ўқиган мактаблар таъмирланди.













