Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади», – дедилар (Имом Насаий).
Бу куннинг фазилати, унинг барокоти ва яхшиликлари, унда қилинадиган ибодатлар, дуолар ва хайрли амаллар ҳақида тўхталиб ўтсак.
Уни қайси кунлардан излаш керак?
«Лайлатул-қадр» сўзининг маъноси «белгилаш, ўлчаш кечаси», яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Қадр кечаси Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида яширинган, уни ўша кунларнинг тоқ кунларидан излаган афзал дейилади.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Икки шайх ва Термизий ривож қилган бошқа бир ҳадисда айтилади:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар».
Кўпчилик уламолар наздида Лайлатул Қадр кечаси Рамазоннинг 26-кунидан 27-кунига ўтар кечасидир.
Саҳоба Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади», деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: «Аллоҳ Абу Абдураҳмон (Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин. Ҳақиқатда, у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар шунга суяниб қолмаслиги учун айтмасди, – деди. Сўнг қатъий қасам ичиб: – Йигирма еттинчи кечада, деди. Шунда мен: «Эй Абу Мунзир, нима далил билан шундай дейсан?» дедим. У зот: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади», деб жавоб берди (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
Абдуллоҳ Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча саҳобалари «Лайлатул қадр»ни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларнинг тушларингиз «Лайлатул қадр» Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади. Кимки «Лайлатул қадр»ни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).















