Агар сиз ҳам Турин шаҳрида осон автомобиль ижарага олишни истасангиз, ушбу сервисни таклиф қиламан: noleggiare.it

Женоа ҳақида қисқача

Лигурия вилоятининг пойтахти бўлмиш Женоа шаҳри қадимдан Италия ва бутун жаҳон учун муҳим порт сифатида хизмат қилиб келган. Катталиги бўйича 6-ўринда туради, шаҳарда ва шаҳарга яқин зоналарда 1,5 миллион киши истиқомат қилади. Шаҳардаги порт Италияда энг банд, Европа Иттифоқида эса ўн иккинчи энг банд порт ҳисобланади. Бутун дунё танийдиган машҳур саёҳатчи, Америка қитъасига Европадан биринчилардан бўлиб қадам босган Христофор Колумб ҳам Женоа шаҳрида таваллуд топган.

Ташриф буюриш шарт бўлган манзиллар (must-visit places)

Piazza De Ferrari — De Ferrari майдони

2,5—3 соатлик йўлдан сўнг биринчи бўлиб шаҳарнинг юраги бўлмиш Де Феррари майдонига кириб бордик. Майдон марказини 1936 йилда қуриб битказилган бронза фаввора безаб турибди. Бу ерда яна 1920 йилда қурилган Лигурия вилоятининг административ офислари (Palazzo della Regione Liguria), қимматли қоғозлар янги офиси, (Palazzo della Nuova Borsa), Лигурия санъат академияси (Accademia Ligustica di Belle Arti) ва Karlo Felich театри (Teatro Carlo Felice) жойлашган. GENOVA деб номланган металл ижод асари ушбу жойни ўзига хос «инстаграмбоп» масканга айлантирган.

Mura di Genova – Женоа деворлари

Porta Soprana

XII асрда қурилган деворлар шаҳар учун қўрғон вазифасини ўтаган ва ўрта асрларда шаҳарни турли ҳужумлардан ҳам ҳимоя қилган. Энг машҳур эшиги – Porta Soprana (Santa Andrea минораси) бўлиб, ундан бир неча қадам нарида Христофор Колумб туғилиб ўсган уй жойлашган. Уй XVIII асрда қайта таъмирдан чиқарилиб, ҳозирги кунда музейга айлантирилган.

Duomo di Genova — Женоа черкови