Натижада ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бу ҳақда Kun.uz'га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли Аҳрор Анваров шу йилнинг 31 март куни тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун ўзи яшайдиган маҳалла таянч пунктида профилактика инспекторлари томонидан сўроқ қилинади. Мулоқот силлиқ кечмаган, томонлар тортишиб қолган, натижада фуқаронинг курткаси йиртилган. Шундан сўнг йигит уч нафар ички ишлар ходими томонидан мажбуран машинага ўтқизилиб, маҳалла профилактика инспекторининг хизмат хонасига олиб кетилади.
Ижтимоий тармоқларда «Аҳрор Анваровнинг туман ИИБ биносидан ўлиги чиққани» ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz суриштируви давомида қувалик йигитнинг ИИБ биносида қазо қилгани ўз тасдиғини топмади. Марҳумнинг амакиваччаси Лутфиёр Халилов «участкавой» хонасида бўлиб ўтган суҳбатда ходимлар тушунтириш ишлари билан чекланишгани, ҳолат юзасидан баённома тузилмагани, томонлар келишиб ўз уйига тарқалганини айтган.
Ушбу воқеадан икки кун ўтиб, 2 апрель куни Аҳрор Анваров вафот этади. Қариндошининг сўзларига кўра, у цехидаги усталарга овқат олиб бориб бергач, у ердан пиёда қайтаётганда бирдан саломатлиги ёмонлашиб, йиқилиб тушган. Биринчи ёрдам кўрсатилаётган вақтда Аҳрорнинг жони узилган.
Ҳолат юзасидан расмий баёнот берган ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов марҳумга ИИБ биносида жароҳат етказилгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.
Мазкур баёнотда бирламчи ташхисга кўра Аҳрор Анваровнинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлгани айтилган, айнан мана шу ташхис интернет фойдаланувчилари ўртасида кўплаб саволларни келтириб чиқарган эди.
Бош прокуратура ахборотига кўра, вилоят прокуратураси томонидан ҳодиса жойи ва Аҳрор Анваровнинг мурдаси Қува туман прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан криминалистик техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Судга оид тиббий экспертизасининг 2021 йил 29 апрелдаги 155-сонли хулосасида Аҳрор Анваровнинг ўлимига «юрак тож қон томирлари атеросклерози ва юрак ўткир ишемик касаллиги оқибатида юзага келган ўткир коронар етишмовчилиги» натижасида вужудга келгани қайд этилган.
«Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида А.Анваровнинг яқин қариндошлари, оила аъзоларилари, қўни-қўшнилари, ҳодиса гувоҳлари ва у билан охирги маротаба мулоқотда бўлган жами 26 нафар шахсдан тушунтириш хатлари олинганида, улар томонидан бирон-бир жиноят ёки шубҳали ҳолатлар тўғрисида кўрсатмалар берилмаган», – дея таъкидланади вилоят прокуратураси хулосасида.








