Президент қарори билан патрул-пост ва қўриқлаш хизматларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир айрим ваколатлар берилмоқда.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан:
патруллик йўналишида бўлган ички ишлар органлари патрул-пост ва қўриқлаш хизматлари нарядлари томонидан “112” тизими орқали келиб тушган, нафақат жамоат жойларида, балки аҳоли яшаш хонадонларида содир этилган жиноят ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар бўйича ҳам тезкорлик билан етиб бориш амалиёти йўлга қўйилади;
24/7 режимдаги гастрономик кўчаларда жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасида тузиладиган шартнома асосида патрул-пост хизмати бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан келгуси оммавий тадбирларга киришига вақтинча чеклов қўйилади.
“Ҳар хил вазифалар – ягона ваколат” тамойили асосида қуйидаги тартиб ўрнатилади:
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қуйидаги айрим функция ва ваколатлар ички ишлар органларининг патрул-пост ҳамда қўриқлаш хизматларига ҳам берилади:
— йўналишдаги чорраҳалар, бозорлар, йирик савдо мажмуалари, таълим муассасалари атрофлари ҳамда марказий кўчаларида юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш;
— йўлларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга дарҳол муносабат билдириш, уларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
жамоат тартибини сақлашга доир қуйидаги айрим функция ва ваколатлар ички ишлар органларининг йўл-патрул хизматига ҳам берилади:
— кўча ва жамоат жойларида содир этиладиган жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш, ушлаш ҳамда ички ишлар органларига олиб бориш;
— белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш ҳамда жамоат жойида алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш.
















